Херсон областида нималар бўлмоқда?
Украина қуролли кучлари Херсон областида жиддий қарши ҳужум бошлаган. Украина президенти Володимир Зеленский 2 октябр куни ҳарбийлар Ингулец дарёси бўйидаги Архангельск посёлкасини, шунингдек Миролюбовка посёлкасини озод этгани ҳақида хабар берди. Ижтимоий тармоқда украин ҳарбийси Миролюбовкадаги бинолардан бирига Украина байроғини ўрнатаётгани акс этган сурат тарқалган. Украин кучлари сентябр ойи бошидаёқ Миролюбовка ва Архангельск атрофида пайдо бўлганди.

Украин ҳарбийлари Днепр дарёси бўйлаб ҳам юриш қилмоқда. Россиялик «военкор»ларга кўра, Украина қуролли кучлари Днепропетровск области билан чегарадаги Нововоронцовкидан 25 километр жанубдаги Михайловкига қадар ҳудуддаги бир қанча аҳоли яшаш манзилларини озод этган. Сўнгги бир кунда Украина қуролли кучлари тахминан 15 километрга илгарилаган.
Украина армияси Дудчанига ҳам етиб келган, Херсон областида бўлиб турган россиялик ҳарбий мухбирлардан бири Роман Сапоньковнинг 2 октябр куни кечқурун ёзишича, «фронтдаги вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлинмаган». Яна бир «военкор» Юрий Котенок эса украин ҳарбийлари Дудчанини эгаллашгани ҳақида ёзган. Россиялик «ватанпарвар» телеграм-канал «Рибарь» 3 октябр куни соат 11:00 ҳолатига россиялик ҳарбийлар Золотая Балка қишлоғидаги позицияни бой бергани, Украина қуролли кучлари Нововоронцовка — Новоалександровка трассаси бўйлаб мустаҳкам ўрнашгани ва Дудчани томон ҳаракатланаётганини тасдиқлаган.
Украина қуролли кучлари Дудчани ҳудудидан туриб Кахова ГЭСга ёриб ўтишни режалаштирган, аммо Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари Владимир Сальдо «улар яксон этилгани» ҳақида хабар берди. РФ мудофаа вазирлиги украин қўшини Золотая Балка — Александровка йўналишида россияликлар мудофааси «чуқурлигига киргани» ҳақида хабар берди.
2 октябр куни украин аскарлари Крешченовка ва Осокоровка қишлоқларига (Осокоровкага киришда тарвузга қўйилган ёдгорлик бор) киргани ҳақидаги видео ва фотолар тарқалди.


Шунингдек, украин манбалари Золотая Балкада олингани айтилган видеони тарқатишди. 3 октябр куни украин нашрлари Михайловка қишлоғида Украина байроғини кўтариб турган украин аскари видеосини намойиш этишди.















