Андижон шаҳридаги “Нодирабегим” маданият ва истироҳат боғида қуритиб юборилган кўл (собиқ комсомол кўли) қайта тикланмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беряпти.
“Бу ерда авваллари жуда обод маскан бўлган. 3-4 йил олдин бир тадбиркорга берилган экан. Тадбиркор томонидан ташландиқ ҳолатга олиб келиб қўйилган. Жуда ачинарли аҳволда.
Боғ ҳудуди 16 гектар. Шундан 6 гектари – кўл. Вилоят ҳокимимизнинг ташаббуси билан, ҳудуд олдин қандай бўлган бўлса, шундай ҳолатга келтирилади. Ундан-да зўр, одам келиб, маданий ҳордиқ чиқариб кетадиган масканга айлантириляпти. Узоғи 2 ойда катта ўзгариш бўлади”, – деди Kun.uz билан суҳбатда вилоят ҳокимлиги котибият мудири Иқболжон Тоҳиров.
Унинг айтишича, боғни вилоят ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш чоралари кўриляпти.





Бу кўл қуритиб юборилганига ўтган ойда жамоатчилик фаоллари эътибор қаратган эди. Хусусан, Kun.uz бир пайтлар аҳолининг севимли маскани бўлган ҳудуд абгор ҳолатга келтириб, кўл қуритилгани ҳақида ёзганди.
Суриштирувимизда маълум бўлгандики, Андижон шаҳар ҳокимининг 2016 йил 7 декабр кунги қарорига асосан, боғ Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи “Green Land Invest” МЧЖга 10 йил муддатга (келгусида муддатини узайтириш шарти билан) фойдаланишга ва реконструкция қилишга берилган.











