Шундай манзара тасвирланган камида иккита видеолавҳа тарқалди ва кўпчиликнинг қалбини ларзага солди. Биринчисида ногирон фарзанди бор аёлнинг ижара уйдан ҳайдаб чиқарилиши акс этган. Етиб келган ҳомийлар бир неча ойга пул тўлашга тайёр эканликларини билдирсалар ҳам уй эгаси фикрида қатъий туриб олади.

Иккинчиси янада қизиқ, кўринишидан талаба қизлар ҳали яшаш учун икки кун муддатлари борлигини, ўша бошқалар берадиган қиммат нархни беришга тайёр эканликларини айтсалар ҳам, уй эгаси ҳайдашда давом этади, ҳатто олинган пулларни сочиб, буюмларни тепиб юборади (Маълумот учун, кейинчалик бу лавҳа театрлаштирилгани маълум қилинди, аммо бу муаммо йўқлигини англатмайди).

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳар икки уй эгасига нафратларини беркитишмаяпти, инсофга чақиришяпти ва ҳатто бўралатиб сўкишяпти ҳам. Ижарада яшовчиларнинг ҳуқуқлари ҳимояланмагани, нарх-наво ҳаддан зиёд ошиб кетгани билан ҳеч ким шуғулланмаётгани, давлат жараёнга мутлақо аралашмаётганидан шикоят қилаётганлар талайгина.

Шундай вазиятда таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмаднинг кичик ҳикояси хориж ва биздаги бу масаладаги тафовут қай даражада эканини кўрсатиб қўйди.

“Туркияда бир танишимизга квартира сотиб олдик. Пулини тўлаганимизда билсак, уй ичида ижарачи бор экан. Улар уй топгунимизча шу ерда яшаймиз, деб туриб олди. На сотувчи ва на харидор ижарачини кўндиролмадик. Туркия қонунлари ижарачини қаттиқ ҳимоя қилар экан. Адвокатлар агар судлашсангиз олти ойларда чиқаришингиз мумкин, деди. Икки томон ялиниб-ёлвориб бир ой деганда зўрға чиқардик. Бундай муваффақиятга эришиш учун ижарачининг юкларини янги уйига ташиб бермадик холос. Бошқа ҳамма яхшиликни қилдик. Ижарачи ҳам турк эмас, чет эллик эди.

У ерда ижарачи кўчада қолиб кетмаслиги учун ҳамма қонуний чора кўрилган экан. Уй эгаси ижара нархини хоҳлаган пайтда ошира олмайди. Йилда фақат 25 фоизгача ошириши мумкин экан. Тўловлар фақат лирада ҳисоб қилинади. Инфляция бўлса ҳам уй эгаси эмас, чет эллик ижарачи ютади. Хуллас, хонадонда уй эгасидан кўра, ижарачининг ҳаққи кўпроқдек туюлди менга.

Бизда ҳам ижарачи ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ана шундай қонуний асослар яратилиши керак. Бундай кризис даврларда парламент ҳам тезкор ишлаши лозим”, – дея ёзди Мубашшир Аҳмад ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Хўш, нега Ўзбекистондаги ижара бозор бу қадар ёввойи, капиталистик қонунлар асосида ишламоқда?