18:18 / 13.10.2022
17449

Россия фуқароларининг 30 нафар фарзанди Ўзбекистондаги давлат мактабларига жойлаштирилган — ХТВ

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати Kun.uz сўровига жавобан Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Ўзбекистонга келган РФ фуқароларидан қанчаси фарзандларини давлат мактабларига жойлаштиришни сўраб мурожаат қилгани ҳақида маълумот берди.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 21 сентябрдан 5 октябргача Россия Федерациясидан келган 33 нафар фуқаро фарзандларини давлат мактабларига жойлаштириш учун мурожаат қилган. Шундан тегишли ҳужжатлари тақдим этилган 30 нафар бола Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги давлат таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.

Сафарбарликдан қочиб келган муҳожирларнинг қанчаси ўз фарзандини хусусий мактабларга ўқишга бергани маълум эмас. ХТВ Kun.uz'нинг бу ҳақдаги саволини очиқ қолдирди.

Давлат мактабларида хорижий давлат фуқароларининг ўқиши қай тартибда ташкил этилиши билан ҳам қизиқдик.

ХТВ масъулларига кўра, бу 2008 йил 4 августдаги 169-сонли ҳукумат қарорига асосан тартибга солинади. Бу борада халқ таълими вазирининг 2009 йил 6 июлдаги 180-сонли буйруғи ҳам қабул қилинган.

Амалдаги тартибга кўра, хорижликлар фарзандларини давлат мактабларига ўқишга қўйиш учун ариза, ўрганилган фанлар ҳақидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари, соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса, паспорт, ID-карта (визаси билан), туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, 4х6 см ҳажмдаги 6 дона фотосурат тақдим этишади. Ҳужжатлар мактаб маъмурияти қошидаги қабул комиссиясига топширилади.

Комиссия мактабда ўқиш истагини билдирган хорижий фуқаронинг ҳужжатлари ва у билан тузиладиган шартнома лойиҳасини туман (шаҳар) ХТБга юборади, шундан кейин улар томонидан ҳужжатлар жамланиб, Қорақалпоғистон ХТВ, Тошкент шаҳар ХТББ ва вилоят ХТБларига юборилади. Бу ташкилотлар ҳузуридаги махсус комиссиялар ҳужжатларни 10 кун муддатда кўриб чиқади.

Махсус комиссия ўрганилган ҳужжатларга асосланиб, хорижий фуқарони мактабга қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилади. Бу қарор муҳожир билан шартнома тузиш учун асос бўлади.

Мактаб маъмурияти хорижий фуқарони мактабга қабул қилиш юзасидан ўз буйруғини чиқаради ҳамда хорижий фуқаро ва мактаб ўртасида ўқиш бўйича шартнома тузади.

Хорижий давлат фуқаролари фарзандлари Ўзбекистондаги давлат умумтаълим мактабларида бепул ўқитилади.

Top