Kun.uz Наманган шаҳрида фуқаронинг яшаш хонадонига тақаб метан-станция қурилаётгани ҳақида суриштирув эълон қилган эди. Навбатдаги мақоламиз унинг мантиқий давоми бўлиб, унда лойиҳанинг қонунларга қанчалик мослиги ва вилоят ҳокимининг қудаси бўлган тадбиркорга боғлиқлиги ҳақида сўз юритамиз.

Олдинга ўтиб айтиш мумкинки, бу материал ҳам Наманган вилояти катталарининг ҳимоясини “кафилликка олган” троллар ва “адвокат” блогерларга анча иш бўлиши аниқ. Бу гал метан станциясининг қурилиши меъёрларга мос келмаётгани, шу боис ҳам ундаги қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилгани ҳақида сўз юритамиз. Шунингдек, бу станциянинг вилоятдаги кўплаб АГТКСлар эгаси бўлган, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг қудаси Қудрат Абдуллаевга қай даражада алоқадор эканига факт ва далиллар билан тўхталамиз.
Дастлабки мақоладан сўнг Kun.uz мухбирлари масалага дахлдор ташкилотлар таклифи билан АГТКС қурилиши учун қандай асосга кўра рухсат берилгани ҳақида аниқроқ маълумот олиш учун яна Наманганда бўлди.


Суриштирув давомида “SD SERVIS CENTER” МЧЖ (метан-шохобчага эгалик қилувчи корхона) юристи Лазизхўжа Турғунов қурилаётган автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциясининг тегишли ускуналари меъёрий ҳужжатларга, шаҳарсозлик норма-қоидаларига асосан “маълум талаблар бўйича ўрнатилганида” аҳоли турар жойидан 25 метр узоқликда бўлиши кераклигини билдирди.

Бундан ташқари “SD SERVIS CENTER” МЧЖ юристи ва мутасаддилари мазкур объектга Қудратбой Абдуллаевнинг умуман алоқаси йўқлигини зўр бериб исботлашга уриндилар.
Бироқ мазкур станцияда аҳоли хонадони ва аккумулятор блоклари ўртасидаги масофа бор-йўғи 22 метрни ташкил қилмоқда. Бир нарса аниқ: мутасаддилар ҳар доимгидек муаммони жойига бориб ўрганмасдан хулоса беришган.






















