Жаҳон | 07:33 / 15.10.2022
6544
2 дақиқада ўқилади

НАТО ядровий тийиб туриш бўйича машғулотларга тайёрланмоқда

17-30 октябр кунлари НАТО ядровий тийиб туриш бўйича Стадфаст Steadfast Noon («Енгилмас пешин») машғулотларини ўтказади.

Фото: Reuters

Шимолий Атлантика альянси расмий сайтида таъкидланишича, булар ҳозирги жаҳон воқеалари билан боғлиқ бўлмаган режалаштирилган манёврлардир. Уларнинг асосий қисми Россиядан 1000 километрдан ортиқ масофадан ўтади

Машғулотларда 14 давлат ва 60 та турли русумдаги самолётлар, жумладан ядровий каллакларни етказиб беришга қодир қирувчи самолётлар, оддий қирувчи самолётлар, разведка самолётлари ва ёнилғи билан таъминловчи самолётлар иштирок этади. 

«Ўтган йиллардаги каби Американинг узоқ масофага учувчи В-52 бомбардимончи самолётлари қатнашади, улар бу йил Шимолий Дакотадаги Минот авиабазасидан ҳавога кўтарилади. Ўқув парвозлари мезбон Бельгия, шунингдек, Шимолий денгиз ва Буюк Британия устида амалга оширилади. Ҳеч қандай ҳарбий қурол ишлатилмайди», - дейилади НАТО хабарида.

Бундан олдин Қўшма Штатлар НАТО ҳудудининг «ҳар бир қаричини, агар керак бўлса» ҳимоя қилиш мажбуриятини тасдиқлаганди. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин маълум қилди.

Украина билан уруш пайтида ядро қуролидан фойдаланиш таҳдиди Владимир Путин ва Россия давлатининг бошқа юқори лавозимли амалдорлари томонидан бир неча бор тилга олинган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид