Жаҳон чемпионатига бир ой қолганда унинг суперюлдузларидан бири коррупцияда айбланиб, суд маҳкамасига тортилади. 17 октябр куни Барселона шаҳрида Неймарнинг «Сантос»дан «Барселона»га шов-шувли трансфери атрофидаги можаро билан боғлиқ якуний суд жараёни бошланади.
DIS футбол сармоя фонди ва Бразилия профессионал спортчилар уюшмаси (FAAP) Неймар учун 5 йиллик қамоқ жазоси, худди шу муддатга дисквалификация ва 149 млн евро миқдорида жарима сўрамоқда.
Испания прокуратураси футболчи учун 2 йиллик қамоқ ва 10 млн евро жарима, шунингдек, онаси учун 1 йиллик, отаси учун 2 йиллик қамоқ жазосини талаб қилмоқда (DIS ҳар бирига 5 йил сўраган).
Айбланувчилар рўйхатида «Барса»нинг собиқ хўжайинлари ҳам бор – Сандро Росел ва Жозеп Бартомеу (ўша пайтда «Барса» клуби президенти ва вице-президенти) учун DIS 5 йиллик қамоқ, 7 йиллик дисквалификация ва 195 млн евро миқдорида жарима сўралган.
Испания прокурорлари сал «раҳмдилроқ», улар фақат Роселни «коррупция ва фирибгарлик»да айблаб, 5 йиллик қамоқ ва 10 млн евро жарима сўрашяпти. Шунингдек, «Сантос»нинг собиқ президенти Одилио Родригес учун ҳам 3 йиллик қамоқни талаб қилишмоқда.
«Сантос» ва «Барселона» клубларига фирибгарликда иштирок этгани учун 7 ва 8,4 млн евро миқдорида жарима, шунингдек, DIS фойдасига 3,2 млн евро товон тўлаши хавф солмоқда.
Неймарнинг трансфери қандай амалга оширилганди?
Неймар 2013 йилнинг май ойида 57 млн евро эвазига «Сантос»дан «Барселона»га ўтганди. Ҳар ҳолда Каталония клуби айнан шу рақамларни эълон қилган.
Асосий масала – бу пулларнинг манфаатдор томонлар ўртасида тақсимланиши.

Гап шундаки, 2009 йилда Неймар трансфер ҳуқуқининг 40 фоизи Бразилиянинг DIS инвестиция жамғармасига (ака-ука Делсир ва Иди Сонда томонидан асос солинган) сотилган.
2011 йилда Неймар «Сантос» билан 2014 йил ёзигача мўлжалланган янги шартномани имзолайди (аввалги шартномага нисбатан муддати 1 йилга қисқартирилади). Унинг товон пули 65 млн евро қилиб белгиланди. Бироқ, унга бошқа клублар билан музокара олиб боришга рухсат берилади.
Шу заҳоти «Барселона» пайдо бўлади ва Сандро Росел ёш юлдузни 2014 йилда эркин агент сифатида қўлга киритиш учун унинг оиласига 40 млн евро бонус беради. Агар Неймар 2014 йилда «Барселона»га ўтмаса, 40 млн еврони қайтариш керак эди. Футболчига 36 млн евро эвазига 5 йиллик шартнома ваъда қилинади.

















