Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цуй Дунюй ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Учрашувда 2023 йили Самарқанд шаҳрида ФАО билан ҳамкорликда ўтказиладиган озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига бағишланган юқори даражадаги халқаро конференцияга тайёргарлик масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Цюй Дунюй тадбир юқори даражадаги муҳокамалар майдонига айланишидан ташқари, соҳага оид илмий ва инновацион ечимлар тақдимот қилиниши, турли мавзуларга бағишланган сессиялар ўтказилиши ҳамда мамлакат қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси салоҳияти намойиш қилиниши билан муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. 

ФАО бош директори Ўзбекистоннинг минтақада барқарор ривожланиш, ҳозирги пайтда оғир кунларни бошдан кечираётган қўшни афғон халқига инсонпарварлик кўмагини етказишдаги ҳиссасини юқори баҳолади.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Афғонистонга халқаро гуманитар ёрдам мақсадли етказилишини таъминлаш мақсадида Термизда халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби ташкил этилгани ҳамда бунинг учун барча қулай шарт-шароитлар яратилгани ФАО раҳбарида қизиқиш уйғотди.