Kun.uz олдинроқ Навоий вилояти, Хатирчи туманининг Оқтепа қишлоғида мактабга тоғ оша эшакда қатнайдиган Давлат Хурсанов ҳақида лавҳа тайёрлаганди. Лавҳа эълон қилингач, Тошкент шаҳрида яшовчи бир инсон (исмини ошкор қилишимизни истамади) таҳририят билан боғланиб, Давлатга эҳсон қилмоқчи эканлигини билдирди.

Давлат ўз интервьюсида тоғда писта териб, мотоцикл учун пул йиғганини, аммо акаси Шамшод Хурсанов олийгоҳ талабаси бўлгач, жамғарган пулини унга берганлигини айтиб ўтганди. Давлатнинг орзуси ушалди. Унга тоғда юришга мослашган замонавий мотоцикл совға қилинди.

Давлат Хурсанов Хатирчи туманидаги 30-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. У мактабга олисдан – тоғлар орасидан эшакда қатнайди. Акаси Шамшод Хурсанов шу йил мактабни тамомлаб, талаба бўлган. Ака-ука ёшлигидан бир эшакка мингашиб, ҳар куни 16 км йўл босганича мактабга бориб-келишган.