Ушбу материалда акс этган маълумотлар бўйича Фарғона вилоят ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

Унда айтилишича, Kun.uz материалида келтирилган ҳолатлар юзасидан Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан қуйидагилар маълум қилинади:

13 октябрь куни бўлиб ўтган Учкўприк туманида фермерлар ер ижара шартномалари бекор қилинишини сўраб ариза ёзиши билан боғлиқ ҳолат вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида тўлиқ ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди:

Учкўприк туманида “Global Textile solution” МЧЖ пахта-тўқимачилик томонидан 2022 йил ҳосили учун 187 та фермер хўжаликлари билан 5720 гектар майдонда 20 минг 300 тонна пахта хомашёсини етиштириш бўйича фьючерс шартномалари тузилган.

Мавжуд ҳисобот маълумотларига кўра, 17 октябрь ҳолатига жами 18 минг 121 тонна пахта хомашёси қабул қилиниб, шартномавий мажбурият туман бўйича 89,27 фоизга бажарилган.

Аниқланишича, 2022 йил 13 октябрь куни туман ҳокимлиги мажлислар залига шартнома мажбуриятини бажармаган фермер хўжаликлари таклиф этилиб, шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаслик оқибатлари тушунтирилган.

Шу куни тумандаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус М.Эргашев томонидан жами 16 нафар фермер хўжаликлари раҳбарларининг тузилган ер ижара шартномаларини ўз ихтиёрлари билан бекор қилиш ҳақидаги ёзган аризалари тасдиқланиб, реестр рақамлари қайд этилган.

Мазкур аризалар фермер хўжаликлари раҳбарларининг ўз хоҳишларига асосан 15 октябрда ушбу нотариус орқали бекор қилиниб, реестрга киритилган.

Туманда 13 октябрь ҳолатига жами 135 та фермер хўжаликлари томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган бўлиб, уларнинг 8 таси 50 фоиздан паст, 21 таси 50-70 фоизгача, 58 таси 70-90 фоизгача ва 48 таси 90 фоиздан юқори ҳолда мажбуриятларни бажармаган.

Хусусан, ҳоким секторида 41 та, прокурор секторида 26 та, ИИБ секторида 37 та, ДСИ секторида 31 та фермер хўжаликлари пахта хомашёси етиштириш шартномавий мажбуриятларини бажармаган.

Ўрганиш давомида аризалари нотариус орқали расмийлаштирилган “Достонбек” (С.Жўраев), “Ниҳол” (Ф.Хотамов), “Нурли келажак” (М.Махмудов) ва бошқа фермер хўжаликлари раҳбарлари билан суҳбат қилиниб, ҳолат бўйича изоҳ олинганда барчаси туман ҳокимлиги мажлислар залида сектор раҳбарлари томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаслиги оқибатлари тушунтирилганлиги, бироқ ўз хоҳишлари билан ер ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида ариза ёзиб берганликларини, уларни ҳеч ким мажбур қилмаганлигини, барчаси жаҳл устида ёзилганлиги сабабли қайта ариза ёзишиб, нотариус орқали дастлабки ариза бекор қилинганлигини маълум қилишган.