Газда ишлайдиган иссиқхоналар ёппасига газдан узилгач, бир нечта тадбиркорлар Kun.uz'га муқобил энергия – кўмирга ўтиш қийинлиги, газсиз хонавайрон бўлиши ҳақида гапириб берганди. Ҳатто бир қанча тадбиркорлар норозилигини билдириб, Вазирлар Маҳкамаси олдига йиғилди.

Энергетика вазирлиги масъуллари агар иссиқхоналарга газ берилса, аҳолига газ паст босимда етиб боришини таъкидлаб, кўмирда ишлайдиган иссиқхона мисолида муқобил энергияга ўтиш қийин эмаслигини тушунтиришга уринмоқда.

Иссиқхоначилар нимадан норози?

Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, кўмирда ишлайдиган иссиқхоналар атроф-муҳит ҳавосини ифлослантириши сабабли аҳоли норозилигини келтириб чиқаради. Қолаверса, анча катта ҳажмли, бир неча ўнлаб гектарлик иссиқхоналарни кўмир билан иситиш техник жиҳатдан имконсизлигини айтишяпти.

Боз устига, газда ишлашга мослашган қозонларни кўмирда ишлайдиганига алмаштириш ҳам арзонга тушмайди, маълум бир вақт талаб қилади. Улар катта инвестиция билан иссиқхона қураётганида масъуллар табиий газдан муаммо бўлмаслигини айтиб ишонтиришган.

Иссиқхоначилар банкдан кредитлари борлиги, газдан узилгач, зудлик билан иссиқхонасини кўмир билан иситишга ўта олмаслиги, бунга пул ҳам, вақт ҳам йўқлиги – ўсимликлар ўлиб, тонналаб ҳосилдан айрилиб қолишини, айримлари шу билан банкрот бўлиб, бу соҳадан чиқиб кетиши, оқибатда экспорт сусайишини айтишяпти.

25 октябр куни Тошкент, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамаси олдига тўпланиб, ҳолатдан норозилигини билдирди. Энергетика вазирлиги тадбиркорларнинг мурожаатлари эшитилиб, тушунтириш берилганини маълум қилди.

Расмийлар нима дейди?

Энергетика вазирлиги ОАВ вакилларини Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги кўмир ёқилғисига мослаштирилган иссиқхонага пресс-турга таклиф этди. Унда масъуллар кўмирда ишлайдиган иссиқхона нисбатан самарадорлиги ҳақида тушунтиришга уринди.