11:55 / 31.10.2022
3731

Чехия собиқ бош вазири Бабиш президентликка номзодини қўйиш ниятида

Бабишнинг вориси Петр Фиала у Европа Иттифоқи субсидияларидаги фирибгарлик учун жиноий жавобгарликдан қочиш учун президентлик сайловларидан фойдаланмоқчи эканлигини айтди.

Фото: Stefan Wermuth/Bloomberg

Чехия собиқ бош вазири, мамлакат парламенти қуйи палатаси депутати, Европа Иттифоқи субсидиялари билан боғлиқ фирибгарликда айбланган Андрей Бабиш 2023 йилда президентликка номзодини қўйиш ниятида эканлигини маълум қилди. 30 октябр, якшанба куни у Facebook’да «Мен Чехия Республикаси президентлигига номзодимни қўяман», деб ёзди.

Ўз навбатида, Бабишнинг Чехия ҳукумати раҳбари сифатидаги вориси Петр Фиала Twitter’да собиқ бош вазир сайловларда ўз номзодини илгари сурар экан, фақат дахлсизликни қўлга киритишга уринаётганини айтди. Чехия Конституциясига кўра, мамлакат президенти ўз ваколати даврида жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. 

Чехияда президентлик сайловлари келаси йилнинг январь ойида бўлиб ўтади. Бабишнинг президентлик пойгасида асосий рақиби 2015-2018 йилларда НАТО ҳарбий қўмитасини бошқарган собиқ генерал Петр Павел бўлади. Амалдаги давлат раҳбари Милош Земан икки муддат президентликдан кейин номзодини қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Бабиш 2021 йил октябрдаги парламент сайловларида амалдаги бош вазир Петр Фиала бошчилигидаги ўнг-марказий коалицияга ютқазган популистик НФҲ партиясининг асосчиси ва раиси ҳисобланади. 

Март ойида Бабиш Европа Иттифоқи субсидияларидаги икки миллион евро билан боғлиқ фирибгарликда айбланган эди. Прокуратура маълумотларига кўра, сиёсатчи дастлаб кичик ва ўрта бизнес учун мўлжалланган Европа Иттифоқи маблағларини Прага чеккасида «Лайлак уяси» меҳмонхонасини қуриш учун ишлатган. 2006 йилда келажакдаги меҳмонхона учун ер Бабишга тегишли бўлган Agrofert холдинги томонидан сотиб олинди. Айблов томони у бу фактни яширган деб ҳисоблайди. Меҳмонхона эгалари Бабишлар оиласига мансуб. 

Прага прокуратураси талабига биноан Чехия парламентининг қуйи палатаси Бабишни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилди. Прокурор собиқ бош вазир учун 3 йиллик синов ва 10 миллион крона (407 минг евро) жарима сўраган. Ишни Прага шаҳар судида кўриб чиқиш сентябр ойидан бери давом этмоқда. Бабиш барча айбловларни рад этди ва суд жараёни сиёсий хусусиятга эга эканлигини таъкидлади. У жиноий ишни бўлажак президентлик сайловлари билан боғлади. 

Бабиш 2017 йилдан 2021 йилгача мамлакат бош вазири лавозимида ишлаган. Молиявий фирибгарлик можароси туфайли истеъфога чиққанидан сўнг, у ўзининг марказий сиёсий партияси НФҲ («Норози фуқаролар ҳаракати») билан биргаликда ҳозирги ҳукуматга қарши чиқди. Бабиш, Forbes журналига кўра, 4 миллиард доллар бойлиги билан Чехиянинг энг бой фуқаролари орасида бешинчи ўринни эгаллади. 

Top