14:41 / 01.11.2022
4762

Норвегия қуролли кучлари жанговар тайёргарликни оширди

«Россия ўз жанговар ҳаракатларни кенгайтириши ҳақида ҳеч қандай аломат йўқ», бироқ кучайган кескинлик Ослони жанговар тайёргарлигини оширишга мажбур қилмоқда, деди бош вазир.

Фото: Shutterstock

Норвегия қуролли кучлари 1 ноябрь, сешанба кунидан бошлаб тайёргарлигини ошириб, режалаштириш стратегиясининг янги босқичига ўтмоқда. Бу ҳақда Норвегия ҳукумати хабар берди.

Ўзгартиришлар Норвегия мудофаа вазири Бёрн Аррилд Грамнинг тавсиясига кўра амалга оширилмоқда ва «Европа хавфсизлик билан боғлиқ жиддий вазиятга» жавобдир, деб хабар қилди мамлакат вазирлар маҳкамаси.

«Россиянинг бошқа мамлакатларга нисбатан ўз жанговар ҳаракатларини кенгайтириши ҳақида ҳеч қандай аломат йўқ, аммо кескинликнинг кучайиши бизни таҳдидлар, разведка фаолияти ва хорижий таъсирга кўпроқ дучор бўлаётганимизни билдиради. Бу барча НАТО давлатларини, жумладан, Норвегияни ҳушёрроқ бўлишга мажбур қилади», деб тушунтирди бош вазир Йонас Гар Стёре.

Ҳукумат Украинада уруш бошланишидан олдин жанговар тайёргарликни кучайтирган ва шундан бери уни бир неча бор янада оширганди. Сўнгги ҳафталарда Норвегия Мудофаа вазирлиги Шимолий денгиздаги муҳим инфратузилма яқинида патруль хизматини кучайтирди. Норвегия маҳаллий мудофаа бўлинмалари полиция ёрдамида қуруқликдаги муҳим инфратузилмани ҳимоя қилишни давом эттиради. 

Режалаштиришнинг янги босқичи «бу ерда ва ҳозир» тайёргарлик устувор бўлишини англатади, барча қадамлар ҳам ошкор этилмайди ва ҳамма нарса ҳам айтилмайди, деди мудофаа маҳкамаси бошлиғи. 

Норвегия қуролли кучлари шахсий таркибининг вазифалари ва фаолияти ўзгарувчан устуворликларга мувофиқ ўзгартирилади, дея билдирди ҳукумат. 

Ослонинг иттифоқчилари, хусусан, Шимолий денгиздаги патрулларга ҳисса қўшмоқда. 

«Биз кучли мудофаа иттифоқининг аъзосимиз. Бу бизга хавфсизлик ҳиссини беради», деди Йонас Гар Стёре. 

Аввалроқ Норвегия Арктика университети (Тромсё университети)нинг октябр ойида ҳибсга олинган, ўзини бразилиялик профессор Жозе Ассиса Жиаммариа деб атаган ходими аслида Россия фуқароси, РФ ҳарбий разведкаси зобити Михаил Микушин эканлиги маълум бўлган эди. Норвегия полицияси хавфсизлик хизмати (PST) 28 октябр куни у жосусликда айблангани ҳақида хабар берди. 

Belligcat ва The Insider суриштирув порталлари хабар беришича, улар Микушиннинг Россия махсус хизматларига тегишли эканлигини тасдиқлашга муваффақ бўлишган. 

Top