АҚШ маъмуриятидаги бир неча манбанинг газетага хабар беришича, юқори мартабали россиялик ҳарбийлар Москва Украинада қачон ва қандай қилиб тактик (нисбатан кичик қувватли) ядро қуроли қўллаши мумкинлиги ҳақида гаплашишган. Нашрга кўра, бу ҳақда АҚШ ҳукуматига октябр ойи ўрталарида маълум бўлган, муҳокамалар ҳам ундан сал олдинроқ бўлиб ўтган.
Владимир Путин бу муҳокамаларда иштирок этмаган.
Нашрнинг қайд этишича, бундай муҳокама ўтказилгани фактининг ўзи россиялик генералларнинг қуруқликдаги амалиёт натижаларидан нақадар ҳафсаласи пир бўлганини кўрсатади ва Владимир Путиннинг ядро қуроли қўллаш тўғрисидаги таҳдидлари қуруқ сўз бўлмаслиги мумкин.
Шу билан бирга америкалик юқори мартабали мулозимлар NYT билан суҳбатда Россияда ядро қуроллари ўз жойидан олиб чиқилгани ёки зарба бериш учун бошқа қадамлар ташланаётганига далиллар кўринмаётганини таъкидлашган.
Пентагон баҳоларига кўра, Россия арсеналида 2000 тагача тактик ядро қуроллари мавжуд. Бундай қуроллар ҳеч қачон жанг майдонида қўлланмаган.
Ядро зарбаси ҳақидаги хавотирлар
Россиянинг Украинага босқини бошида барча Россия томонидан тактик ёки кичик ядровий қуроллар қўлланиши мумкинлиги ҳақида гапирганди. Давлат думаси депутатлари ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров шундай қадам ташлашга чақирган, Украина президенти Володимир Зеленский ва Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс ҳам бундай хавфнинг жиддий эҳтимоли борлигини айтишганди.
Россия аввалига Харкив областида, кейин Херсон шимолида жиддий муваффақиятсизликларга учрагач, ядро қуроли қўлланиши мумкинлиги ҳақидаги гаплар кўпайди.
Владимир Путин ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида бир неча бор ядровий таҳдидлар қилди. «Агар ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида қолса, Россия барча имкониятларни ишга солади, бу шунчаки блеф эмас», деганди Путин 21 сентябр кунги телемурожаатида - ўшанда Россияда сафарбарлик эълон қилинганди.
Ҳудудий яхлитликка таҳдид сифатида Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган Херсон области (ва яна уч ҳудуд)да қарши ҳужумга ўтишини ҳам назарда тутиш мумкин.
Октябр ойи охирида Россия ўз стратегик ядро кучларига йирик ядро зарбаси берилишини синаб кўриш мақсадида, ҳарбий-ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар ядро қуролидан фойдаланиш хавфи ортиши ва Москванинг Украинани «ифлос бомба» яратишда айблаши фонида ўтказилди.
















