Самарқандда II Ўзбекистон иқтисодий форуми ўз ишини бошлади. Унда мингдан ортиқ меҳмонлар иштирок этмоқда.

Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий блоки раҳбарлари форумга йиғилган.

Форум очилишида Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов президентнинг форум иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди.

“2022-2026 йилларда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, инсон капиталини ривожлантириш ва камбағалликни камида 2 баробарга қисқартиришни мақсад қилганмиз”, – дейилади президент мурожаатида.

Юқоридаги мақсадларга эришиш учун 6та устувор вазифа белгилангани таъкидланди. Булар:

  • Иқтисодиётда хусусий сектор ролини тубдан ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва соғлом рақобат муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор берилмоқда;
  • Аҳоли турмуш сифатини ошириш ва яшаш шароитини янада яхшилаш мақсадида ҳар бир маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастурлар ҳаётга жорий этилмоқда;
  • Аҳолининг камбағал ва эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя тизими билан тўлиқ қамраб олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
  • Ташқи бозорлар ва ҳамкор давлатларда юзага келган таҳликали вазият шароитида мамлакат макроиқтисодий барқарорлигини таъминлаш ҳамда инфляция суръатларини жиловлаш чоралари кўрилмоқда;
  • Маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини яратиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш диққат марказида;
  • Барча ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш – ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири.

Шундан кейин сўзга чиққан бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров форумдан кутилаётган вазифалар ҳақида гапирди.

“Биринчи форум аввалги беш йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболдаги режаларга бағишланган эди. Шунингдек, мазкур форум доирасида хусусийлаштириш, давлат-хусусий шериклиги, кредит линиялари ва бошқа ҳамкорлик йўналишлари бўйича элликдан зиёд шартномалар имзоланган эди.