Буюк Британиянинг «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурлари портлашларига алоқадорлиги ҳақида 3 ноябрь, пайшанба куни Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев маълум қилди.
Далил сифатида у газ қувуридаги портлашлардан кўп ўтмай Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Лиз Трасс томонидан АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга юборилган «Ҳаммаси бажарилди» матнли хабарини келтирди. Бу ҳақда у Москвада МДҲ давлатлари хавфсизлик кенгашлари котиблари йиғилишида баёнот берди.
Россиянинг РИА «Новости» ахборот агентлиги хабарига кўра, Британия бош вазирининг телефони ҳакерлар томонидан бузиб кирилганидан сўнг маълум бўлган Энтони Блинкенга «эсэмэс» ҳақида Twitter’да Kim Dotcom номли фойдаланувчи хабар берган. Агентлик уни Янги Зеландияда яшовчи немис-фин ишбилармони деб атайди ва у рэкет, пул ювиш ва фирибгарликда айбланаётганини, АҚШ расмийлари унинг экстрадициясини талаб қилаётганини қайд этади.
Kim Dotcom’нинг сўзларига кўра, гап июль ойида, яъни «Шимолий оқим» портлашларидан олдин бузиб кирилган Трасснинг бошқа телефони ҳақида кетяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Буюк Британияни 29 октябр куни Севастополда Россия Қора денгиз флоти кемаларига учувчисиз бошқариладиган учоқлар ҳужумига алоқадорликда айблаган эди. Россия Мудофаа вазирлиги ушбу ҳужумни террорчилик ҳаракати деб атади ва у Украина ҳарбий-денгиз кучларининг 73-махсус денгиз операциялари маркази аскарлари томонидан уюштирилгани ва операция гўёки «инглиз мутахассислари» раҳбарлигида Николаев вилояти, Очакив шаҳрида тайёрланганини маълум қилди.
Лондон бу баёнотни «эпик нисбатлардаги ёлғон» деб атади.
26 сентябр куни «Шимолий оқим»нинг иккала тармоғи ва «Шимолий оқим 2»нинг бир тармоғи шикастланган.
Октябрь ойи ўрталарида Швеция бош вазири Магдалена Андерссон унинг мамлакати Россия ва бошқа давлатларга қиролликнинг махсус иқтисодий зонасида газ қувурларига етказилган зарар сабабларини текшириш натижаларини бермаслигини айтди ва буни хавфсизлик сектори учун ушбу маълумотларнинг юқори даражадаги аҳамияти билан изоҳлади.
Германияда федерал прокуратура «энергетика таъминоти инфратузилмасини жиддий зўравонлик билан саботаж қилиш» гумони юзасидан «Шимолий оқим»га етказилган зарарни текширмоқда. Октябрь ойи бошида Германия ҳарбий-денгиз кучларининг иккита кемаси қувурларга етказилган зарарни ҳужжатлаштириши керак бўлган ғаввослар билан Даниянинг Борнҳолм оролига йўл олди.
















