Сўровда қатнашган юртдошларимизнинг фикрича, Ўзбекистонда дорихоналар кўплиги халқимизда тиббий билимларнинг бироз етишмаслиги, шунинг баробарида йилдан йилга янги-янги касалликлар пайдо бўлаётгани, беморлар сони ва дориларга эҳтиёж ҳам шу сабабли ортиб бораётгани билан боғлиқ.
Айримлар дорихона соҳаси бизнесга айланиб кетгани, дориларнинг нархи қимматлиги, айрим шифокорлар дорихоналар билан келишув асосида ишлаши, шу сабабли беморларга керак-нокерак дориларни ҳам ёзиб бераверишини таъкидлаб, мутасаддилар ушбу муаммога етарлича эътибор қаратмаётганидан нолишган.

Баъзи респондентлар эса атроф-муҳит ва экология муаммолари оқибатида касалликлар кўпайиб бораётгани, талаб бўлгани сабабли дорихоналарнинг ҳам сони ўсиб бораётганини айтишган.
Шунингдек, дорихоналарнинг кўплигини яхши ҳолат деб баҳолаганлар ҳам бор. Уларга кўра бирор беморга тезликда дори керак бўлганда ёхуд биттасидан топилмаган дори бошқасидан топилиши сабабли дорихоналарнинг кўп бўлгани маъқул.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг фикрича, қаерда тиббиёт қолоқ бўлса, шу ерда фармакологик бизнес гуркираб ривожланади.
“Бу ерда муаммо дорихоналарда эмас. Фармакологик компанияларда ҳам эмас. Бу бозор иқтисодиёти. Гап тиббиётда.
2-3 кун аввал қўшни давлат фуқаросининг Тиббиёт Академияси ёнида дорихоналар кўплигидан ҳайратга тушгани видеосини кўрдим. 2018 йил Қозоғистон суғурта тиббиётига ўтди. Ўзим яқинда икки ойда тўрт-беш марта бориб, беморларни кўриб келдим. У ерда суғурта тиббиёти амалда ва барча давлат шифохоналари энг зарур дорилар билан таъминланган.
Суғурта тиббиёти нима? Касаллик кўрсатилган. Айнан стандартда кўрсатилган дориларни ёзиш керак. Кўп ҳам эмас, кам ҳам эмас. Агар биз суғурта тиббиётига ўтадиган бўлсак ва тиббий таълимни жойига қўйсак ҳамда психосоматик тиббиётни йўлга қўйсак, ўз-ўзидан дорига мурожаат қилаётганлар камаяди ва дорихоналар ҳам қисқаради. Сўнгра уларга кетаётган маблағ чойхоналарга, кутубхоналарга ва бошқа маиший соҳаларга йўналтирилади.
Мана шу уч муаммо бартараф этилса, уч йил ичида бу муаммолар ҳам ечимини топади, балки президент орзу қилганидек, оддий шифокорнинг ойлигини 1000 долларга чиқариш учун пул ҳам топилар?















