11:11 / 04.11.2022
4075

“Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш стратегиясини ишлаб чиқамиз” – Сенат раиси

3 ноябрь куни Самарқандда ўз ишини бошлаган II Ўзбекистон иқтисодий форумида «Гендер тенглик, ёшлар, келажакка сармоя» мавзусидаги панель сессиясида Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам сўзга чиқди. 

Фото: senat.uz

Тадбир давомида Сенат раиси Ўзбекистонда гендер тенглиги масаласида норматив ҳуқуқий базани халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш ишлари тизимли давом эттирилаётгани, гендер экспертизасидан самарали фойдаланиб, хотин-қизлар учун имконият ва кафолатларни янада кенгайтириш, иқтисодий тазйиқларнинг олдини олишга оид нормалар татбиқ этиб борилиши ҳақида гапирди.

Норбоеванинг қўшимча қилишича, хотин-қизларни замонавий касбларга, ахборот технологиялари, дастурлаш, онлайн тижорат қилиш соҳаларида ўқитиш, бу соҳада меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун имкониятлар яратиш масалаларига эътибор қаратиш керак.

«Умуман олганда, давлат мутасадди ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, фаол жамоатчилик – барчамиз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириб, аёлларимизнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш стратегиясини ишлаб чиқишимиз ва уни рўёбга чиқаришимиз зарур. Барча ҳамкорларимиз, жамиятимиз фаолларининг соҳадаги тизимли муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсияларини, бу борада янги лойиҳа ва ташаббусларини илгари суришда қўллаймиз», – деди Сенат раиси.

Top