Ўзбекистон | 10:35 / 08.11.2022
8710
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон экспорт-импорт ва транзит алоқалари 9 та халқаро транспорт йўлаги бўйлаб амалга оширилмоқда

2022 йил 11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити бўлиб ўтади. Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Мавлуда Ирисбекова “Дунё”га тақдим этган мақоласида мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги транспорт алоқалари ҳақида фикр юритган.

“Яқин кунларда кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти олий даражадаги биринчи саммити ўз ишини бошлайди, - деб ёзади эксперт. - Давлат раҳбарлари даражасидаги мазкур саммитлар Ташкилотнинг олий тузилмаси бўлиб, 2011 йилдан бошлаб ҳар йили бир маротаба ўтказиб келинмоқда.

Ўтган йили Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Туркий кенгаш номини Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Ҳозир тузилма таркибида Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон ҳамда Ўзбекистон каби мамлакатлар бор. Венгрия кузатувчи бўлса, Туркманистон бетараф давлат сифатида унинг доимий меҳмонидир.

Туркий давлатлар ташкилотининг мақсади – аъзо давлатлар ўртасида ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш. Асосий вазифалари минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни рағбатлантириш, сиёсий, ҳуқуқий муҳофаза қилиш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, банк молия, маданий-гуманитар каби соҳалар ташкил этади.

Мазкур вазифалар ўтган йили 12 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган “Туркий дунё нигоҳи – 2040” истиқболли дастурий ҳужжатда ўз аксини топган. Ўшанда Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун транспорт ва транзит масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, саноат кооперациясини кучайтириш каби таклифлар бир овоздан қўллаб-қувватланган эди.

Ҳозир ташкилот диққат-марказида – аъзо давлатлар ўртасида транспорт алоқаларини таъминлаш, божхона ва транспорт тартибларини соддалаштириш масалалари турибди. Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари билан транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради. Ушбу масала “Туркий дунё нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатида алоҳида ўрин тутади. Асосий эътибор мамлакатлар транспорт алоқаларини таъминлаш, божхона ва транспорт тартибларини, рақамлаштириш орқали соддалаштиришга қаратилмоқда.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакатлар транспорт хизматларига ҳақ тўлаш учун икки баравар кўп маблағ сарфлайди. Кўп ҳолда Марказий Осиё мамлакатлари учун транспорт харажатлари импорт қилинадиган товарлар қиймати 60 фоизига етади.

Бугунги кунда Ўзбекистон экспорт-импорт ва транзит алоқалари 9 та халқаро транспорт йўлаклари бўйлаб амалга оширилмоқда, улардан 8 таси камида мазкур ташкилотга аъзо бир мамлакат орқали ўтади. Ўзбекистон билан чегарадош 5 мамлакатдан 2 таси ташкилот аъзоси (Қозоғистон ва Қирғизистон) ва 1 таси давлат кузатувчи мақомига эга (Туркманистон).

Рақамли ечимларни Марказий Осиё мамлакатларини Хитой ва Жанубий Осиё минтақаси билан боғлаши мумкин бўлган қуруқлик кўпригига айлантиришга имкон беради. Бу минтақа давлатлари глобал таъминот занжирларига ва халқаро транзит юк ташувларига янада чуқурроқ интеграциялашувини таъминлайди”.

Мавзуга оид