Ноябр ойи бошида «Верстка» нашри аннексия қилинган Луҳанск областининг Сватовo районида сафарбар қилинганлар батальони катта талафот кўргани ҳақида хабар берди. Нашр маълумотларига кўра, у ерда беш юздан ортиқ одам ҳалок бўлган. Россия Федерацияси мудофаа вазирлиги бу маълумотни «провокация» ва «қуролли кучларни обрўсизлантириш» ҳамда «Россия фуқаролари ўртасида салбий кайфият яратиш мақсадида атайлаб сиздирилган дезинформация» деб атади. BBC Сватово яқинидаги жангда қатнашган ҳарбийлар билан суҳбатлашди.
2 ноябрга ўтар кечаси Воронеж, Свердловск ва Челябинск областларидан сафарбар қилинган инсонлар, жами 500 киши, тўртта компанияга бўлиниб, аннексия қилинган Луҳанск областидаги Макийивка посёлкаси томон йўл олади. Қўмондонлик аскарларга улар фронтдан 15 километр узоқликдаги учинчи мудофаа чизиғига юборилаётганини айтади.
«Дастлаб ҳеч қандай вазифа йўқ эди, чунки бизни олдинга юборишганда штаб билан алоқа ҳам йўқ эди», – дейди ҳарбий хизматчи Алексей Агафонов BBC билан суҳбатда.
Унинг сўзларига кўра, сафарбар қилинганларни эрталабки соат бешларда ўрмон белбоғига жойлаштиришади ва окоп қазишни буюришади. Взводда фақатгина икки дона белкурак бўлгани учун чуқурни найза-пичоқлар ва қўллар билан қазишга тўғри келади. Тонг отгач, уларнинг позициялари ўққа тутилади.
«Бизни кучли ўққа тутишди. Квадрокоптерлар учиб ўтди, улар шунчаки учиб ўтди ва улар учиб ўтган ерларга ракета зарбалари берилди», – дейди 28 ёшли Дмитрий Слободчиков BBC нашрига.
Улар саккиз соат давомида миномётлар ва «Град» тизимлари билан ўққа тутилган. Бу вақт давомида аскарлар амаллаб қазилган хандақларда ётишган ва кутишган. Уларнинг сўзларига кўра, сафарбар қилинганларда ягона буйруқ бор эди – «чекинманглар ва қазинглар».
Отишма пайтида Слободчиков яраланган сафдошини фронт ортига олиб ўтади, аммо командирлар ярадорни касалхонага жўнатиш керак ёки йўқлиги ҳақида ярим соат ўйлайди. Слободчиков ўқлар ёмғири остида қолган қуролдошлари ёнига қайтиб кетмоқчи бўлганида, полковник унга буни тақиқлайди ва «Улар барибир аллақачон ўликка айланди», дейди.

Слободчиков рухсат олиш учун рота лейтенанти ёнига боради, лейтенант унга рухсат беради, аммо «мен сенга ҳеч нима демадим, буйруқ бермадим» деб айтади. Слободчиков фронт чизиғида қайтади ва ўз взводини 10 кишидан иборат уч гуруҳга бўлиб, жангдан олиб чиқади.

















