07:56 / 11.11.2022
11540

«Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони таъсис этилди

Конституция қабул қилингани ўттиз йиллиги муносабати билан президент «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. 

Фото: Norma.uz

Нишон билан мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини ошириш, давлат сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш каби вазифаларни амалга ошириб келаётган барча соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар мукофотланиши мумкин.

Эсдалик нишони билан Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин. Низом ва «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони тавсифи тасдиқланди.

Вазирликлар, идоралар, жамоат бирлашмалари ва бошқа республика органлари раҳбарларига, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига Конституция қабул қилинган кун шарафига жойларда «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишонлари тантанали вазиятда топширилишини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Эсдалик нишонларини ва улар учун гувоҳномаларни тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Top