Вилоят ҳокими Муроджон Азимов бу лойиҳани амалга ошириш учун Хитойнинг “China CAMC Engineering Co.,LTD” компанияси билан келишувга эришди.
Учрашув видеоконференц-алоқа форматида ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчиси Фарҳод Арзиев ҳам қатнашди.

Тадбирда бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Азимов томонидан Китоб туманининг “Қайнар”, Шаҳрисабз туманининг “Мираки” ва Қамаши туманининг “Майданак” ҳудудида замонавий осма дор йўлларини барпо этиш таклифи берилди.
Шунингдек, вилоят ҳудудида замонавий агрологикстика марказларини қуриш;
- “Қарши” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида “China CAMC Engineering Co.,LTD” компаниясининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
- “Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида “яшил энергетика”га ўтиш ва энергия тежовчи технологиялар бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга доир масалалар муҳокама этилди.


Тадбирда Хитой томони Ўзбекистонда хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган қонунчилик базаси ва маъмурий механизмлар яратилаётгани, улар амалда муваффақиятли қўлланилаётганини эътироф этишди.
Осма дор йўллари қуриш йўналишида, ҳақиқатан ҳам Хитойдаги дор йўлларининг деярли 50 фоизи “China CAMC Engineering Co.,LTD” компанияси томонидан қурилганлиги эътиборга молик.
Қашқадарё вилоятининг жойлашуви, табиати ва туристик салоҳиятини инобатга олиб, икки ҳафта муддатда компания мутахассисларидан иборат делегация вилоятга ташриф буюриб, осма дор йўлларини қуриш бўйича ҳудуднинг салоҳияти ҳамда имкониятларини ўрганадиган бўлди.














