Жаҳон | 12:00 / 19.11.2022
12213
6 дақиқада ўқилади

Рекордчи, “Бўри ўрмони” ва йилига 10 млн томошабин: Ўзбекистон кўргазмаси очилаётган Лувр музейи ҳақида қизиқарли фактлар

Жорий йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Ўзбекистон давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан бу давлатда расмий ташриф билан бўлади. Ташриф доирасида режалаштирилган муҳим тадбирлардан бири бу Париж шаҳридаги қадимий ва машҳур Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси ташкил этилиши мўлжалланган.

Фото: Kun.uz

Kun.uz бу муҳим ташриф олдидан муштарийларга Лувр музейига оид қизиқарли фактлар ва суратларни тақдим этмоқда.

  • Лувр – энг кўп томошабин ташриф буюрувчи музей бўлиб, йилига 10 млн кишилик маррани бундан 10 йил муқаддам забт этган. Ҳозирга қадар ҳам бирор музей бундай кўрсаткич билан мақтана олмайди;
  • Француз революцияси тузилган 1793 йилдаёқ жамоатчилик учун очилган бу маскан француз қиролларининг саройи ва маъмурий бинолари жамланмаси бўлган;
  • “Лувр” атамасининг маъноси “Бўрилар ўрмони” деган маънони беради. Сарой мана шу номли ўрмонда тиклангани боис атама музейга боғланиб қолган;
  • Бу музейни бир кунда айланиб чиқишнинг амалда иложи йўқ. Бирор экспонат олдидан тўхтамай шунчаки томоша қилиб чиқиш учун ҳам камида бир ҳафта вақт керак;
  • Музей тўртта бинодан иборат ва уларни ажратиб туриш учун қанотлар деб аташади. Умуман, бу комплекснинг ҳаммаси ҳам музейлардан иборат эмас, фақат биринчи ва иккинчи қаватларда экспонатлар жойлашган. Бинолар бир қисмидан маъмурий мақсадларда фойдаланилади. Масалан, Франция молия вазирлиги шу ерда жойлашган;
  • Музейнинг иккита ўзига хос “филиали” бор. Улардан бири Франциянинг Ланс шаҳрида жойлашган ва унда Луврнинг айрим экспонатлари алмаштириб намойиш этиб борилади. Иккинчиси БААнинг Абу-Даби шаҳрида бўлиб, унда кўпроқ шарқ ва ғарб уйғунлигидаги санъат асарлари намойиш этиб борилади;
  • Лувр ёнида Миср пирамидаларининг ойнаванд тимсоли жойлашган. Бунинг ўзига хос сабаблари бор – айнан қадимги Миср топилмалари ортидан Мисршунослик деган алоҳида фан шакллана бошлаган. Лувр ҳам бу борада бой экспонатларга эга;
  • Навбатларни камайтириш, кириш-чиқишни осонлаштириш учун қурилган ойнаванд пирамида катта тортишувларга сабаб бўлган. “Да Винчи сири” китоби муаллифи Дэн Браун ўз асарида таъкидлаганидек пирамида 666 та эмас, 673 та ойнадан иборат;
  • Луврни машҳур қилган унинг экспонатлари. Экспонатлар деганда эса биринчи навбатда Леонардо да Винчи мўйқаламига мансуб “Мона Лиза” картинаси келади. Французлар уни “Жоконда” деб атайдилар ва қаттиқ қўриқлайдилар. Бунга ўзига яраша сабаб бор – 1911 йилда “Мона Лиза” музейнинг италиялик ходими Винчецо Перужа томонидан ўғирлаб кетилади. Ўғрининг мақсади суратни тарихий ватанига қайтариш эди. Икки йилдан кейин картина чиндан ҳам Италиядан топилади ва дарҳол Парижга қайтарилади;
  • Дастлаб чипта олишда, кейин “Мона Лиза”нинг ёнига етиб келишда катта навбатда турган ихлосмандларнинг аксарияти ҳафсаласи пир бўлади. Чунки бу машҳур картина ўқ ўтмас ойна ортига қўйилган ва кўпчилик тасаввуридан кўра кичкина. Қолаверса, уни бемалол томоша қилиш имкони ҳам йўқ, одамлар оқими шу қадар катта.

Ўзбекистон кўргазмаси ҳақида

Ана шундай маскан ўз бағридан Ўзбекистон тарихи ва маданияти тимсолларига жой бераётганининг ўзи катта тарихий воқеа. Чунки ҳали Марказий Осиё давлатлари орасида бирор давлат ҳали бундай даражада санъатини намоён қила олмаган. Наинки Марказий Осиё, Луврнинг ўзида 300 мингдан ортиқ экспонатлар мавжуд ва уларнинг 35 мингтасигина заллардан ўрин олган. Яъни ҳали деярли 90 фоиз ўз экспонатлари учун ҳам музейдан мунтазам жой топилмаган.

Луврда ўтказиладиган кўргазма учун Ўзбекистонга тегишли 70 та артефакт реставрация қилинди ва улар музей кўргазма экспозициясига киритилади. Бу жараён уч йилдан ортиқ давом этиб, бу вақт оралиғида қатор ўзбек-француз қўшма экспедициялари бўлиб ўтди, улар давомида кўплаб археологик тадқиқотлар олиб борилди.

Реставрация қилинган буюмлар орасида Кофир-қалъа қадимги Самарқанд қолдиқларидан топилган, куйиб кўмирга айланган ва VI-VII асрларга мансуб ёғоч лавҳ ажралиб туради. Унинг олд қисмлари тозаланди ва реставрация қилинди, лавҳнинг ўзи еттита лавҳ қисмлари билан бирлаштирилди.

Бундан ташқари, Ислом оламининг ноёб объекти ва энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган XIII асрга мансуб Катта Лангар Қуръонининг 13 саҳифаси реставрация қилинди. Ушбу Қуръон узоқ вақт Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар-ота масжидида сақланган ва Ислом оламидаги энг қадимий Мусҳаф қўлёзма нусхаларидан бири ҳисобланади. Шунингдек хом лойдан ясалган “Гулчамбар таққан Будда” ҳайкалига ҳам (милоддан аввалги I аср – милодий I аср) реставрация ишлови берилди, экспонатнинг уст қисми тозаланди ва зарарланган қисмлари мастика билан қопланди.

 Экспонатларни реставрация қилиш жараёни бошидан охиригача Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида амалга оширилди.

Ватанимизга тегишли дурдоналар синчковлик билан танланиши, ўрганилиши, ўта эҳтиёткорлик билан етказиб келиниши ва Луврнинг энг кўримли нуқталаридан бири – Ришелье залига жойлаштирилишини Франциянинг Ўзбекистон истиқболига бераётган баҳоси дея таърифлаш мумкин.

Аброр Зоҳидов, Париж.

Мавзуга оид