“Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Интизор Абдалниёзованинг айтишича, у 2018 йил апрелда Автомобил йўллари қўмитасига қарашли “Yangiyo‘lqurilish” УК томонидан эълон қилинган, Автомобил йўллари Давлат қўмитасининг бино-иншоотларини капитал таъмирлаш бўйича очиқ тендерда қатнашиб, 3 та лотда ғолибликни қўлга киритган.

 – Тендерга 20 дан ортиқ қурилиш объектлари қўйилган эди. Мен Автойўл қўмитасига лифт ва эшик-ромларини ўрнатиш бўйича 3 та лотни ютиб олдим ва ўрнатиб бердим.

Шартномада белгиланган барча ишларни кўрсатилган талаблар асосида бажариб, буюртмачиларга топширдим. Давлат ташкилотлари билан ишлаш учун олдиндан тўловнинг 30 фоизи тўланади. Қолгани иш якунлангач берилиши керак эди. Мен “Yangiyo‘lqurilish” УКга, Автомобил йўллари қўмитасига ишониб, барча ишни бажардим. Мана 4,5 йилдирки, қолган пулимни ололмасдан сарсонман.

Автойўл қўмитаси пулни бугун берамиз, эрта берамиз, пандемиядан кейин берамиз деб ортга сураверишди. Барчасини сабр билан кутдим. Охири судга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Туман ва шаҳар судларида ютиб чиқдик. “Yangiyo‘lqurilish” УК билан бир йил-у уч ой ишлаган бўлсам, шу вақт оралиғида 9 марта раҳбар алмашди. Бир раҳбарга тушунтириб, ишни топшираман десангиз, ўрнига бошқаси қўйилади.

Аслини олганда, тендерда лотни ютгандан кейин унинг нархини кесишга ёки пасайтиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 950 миллион олишим керак бўлган суммани 470 миллионга туширишди. Касод бўлмаслик учун ярмини олишга ҳам рози бўлдим. Шунга мажбур бўлдим. Сабаби ҳар бир келган янги раҳбар 6 ой текширув ўтказади. Ўз ишим қолиб, неча йиллардан бери шулар билан овора бўлиб қолдим.

Интизор Абдалниёзова, “Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари Фото: Kun.uz

Тадбиркорнинг таъкидлашича, барча ишлар ҳам тендер шартномаларига мувофиқ амалга оширилган. У “Yangiyo‘lqurilish” УКда ҳар сафар раҳбар ўзгарганда турли баҳоналар билан пулини тўлаб бермаётганини айтади.

Баҳоналардан тоқати тоқ бўлган тадбиркор судга мурожаат қилади. Тошкент туманлараро иқтисодий суди унинг даъвосини қисман қаноатлантириб, жавобгар “Yangiyo‘lqurilish” УК ҳисобидан даъвогар “Doston Akfa Plus” МЧЖ ҳисобига 417 мон 339 минг сўм асосий қарз, 15 млн сўм пеня ундириш ҳақида қарор чиқаради.