ЖЧ-2022. 1-тур. А гуруҳи
Қатар — Эквадор 0:2
Голлар: Валенсия (16 пенальти, 31).
Қатар – Аш Шиб, Педро, Ҳуҳи, Ҳасан, Ар Рави, Аҳмад, Хотам, Будиаф, Ал Ҳайдос (Ваад, 72), Алмоаз (Мунтари, 72), Афиф.
Эквадор – Галиндес, Пресиадо, Торрес, Инкапиэ, Эступиньян, Плата, Ибарра (Сармиенто, 68), Мендес, Кайседо (Франко, 90), Валенсия (Сифуентес, 77), Эстрада (Родригес, 90).
Огоҳлантиришлар: Аш Шиб (15), Алмоаз (22), Кайседо (29), Мендес (25), Афиф (78).
Кўпчилик аллақачон Қатардаги жаҳон чемпионатини тарихдаги энг можаролиси деб атамоқда — турнир старти арафасида чиндан ҳам қатор ташвиш уйғотувчи ҳолатлар бўлиб ўтди. Турли шов-шувли воқеалар фонида (ўйинлар бошланишига икки кун қолганида стадион ҳудудида алкоголли ичимликлар сотилиши тақиқланиши каби) буткул ёмон хабар тарқалди — унга кўра қатарликлар Эквадор жамоасининг саккиз футболчисини очилиш ўйинини 0:1 ҳисобида бой беришлари учун сотиб олишгани айтилди. Ҳатто аниқ рақамлар келтирилди — 7,4 миллион доллар.
Лекин бу миш-мишлар қуруқ сафсата бўлиб чиқди: манбалар жуда шубҳали эди, бу маълумотни бирорта йирик нашр тасдиқламади. Қолаверса, бундай даражадаги ва кенг ёритиладиган турнирда келишилган ўйинлар бўлиши имконсиз иш эди.
Ўйиннинг илк дақиқалариданоқ Эквадор тарқалган миш-мишлар ҳақиқатга буткул зид эканини исботлашга киришди: жанубий америкаликлар илк дақиқаларданоқ ўйин назоратини қўлга олишди ва рақибга ўз ҳудудига ўтишга деярли имкон бермади. Эквадорликлар ҳужумчиси Эннер Валенсия ўйиннинг учинчи дақиқасидаёқ дарвозани ишғол этди, аммо бу гол Валенсиянинг ҳужумдаги шериги Майкл Эстрада офсайдда қолиб кетгани туфайли бекор қилинди. Офсайдни аниқлашда янги технология катта саҳнага чиқди.

Аммо эквадорликлар тўхташ ҳақида ўйлашмади. Ўн дақиқа ўтиб яна Валенсия диққат марказида бўлди — жарима майдонига кириб бориб, дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиққан ҳужумчи йиқитилди. Бу вазиятда ҳакамда 11 метрли нуқтани кўрсатишдан бошқа вариант йўқ эди. Тажрибали Эннер эса максимал даражадаги хотиржамлик билан дарвозабон ва тўпни бошқа бошқа бурчакларга йўналтирди. Турнирнинг ҳисобланган голи пеналтидан урилди. Бу жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор турнирнинг 1-голи пенальтидан урилиши бўлди.



















