Учрашувда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги таълим, маънавий-маърифий, диний, музейлар ва бошқа жабҳалардаги ҳамкорлик ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди. Саудия Арабистони Ҳаж ва умра масалалари бўйича вазири жорий йил август ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига ташрифидан сўнг икки томонлама муносабатлар турли соҳаларда янада ривожланиб бораётганини таъкидлади. Тавфиқ ар-Рабиъа Ўзбекистон президенти ташрифи давомида олий даражадаги музокаралар ва имзоланган битимлар ўзаро ҳамкорлик кўлами янада кенгайишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Саудия вакили 2023 йил 8-9 январь кунлари Жидда шаҳрида ўтказиладиган Ҳаж ва умра масалаларига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистон делегациясини таклиф қилди.

Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Мадина шаҳри Ал-Алия минтақасидаги қадимий «Ахн» қудуқлари мажмуасига ташриф буюрди. Ушбу мажмуа саҳоба Ал-Авсий Умайяд бин Зайднинг хонадонида жойлашган ва сайёҳлар зиёрати учун қурилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.