Ўзбекистон | 13:20 / 21.11.2022
33332
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда уч боласи билан ўзини каналга ташлаб иккита гўдакнинг ўлимига сабабчи бўлган аёл қамоққа олинди

Аёл ва унинг иккита боласи ўша заҳоти сувдан олиб чиқилган, биттаси эса оқиб кетган. Болалардан бири сувдан олиб чиқилганда ҳодиса жойида вафот этган, иккинчисининг жасади 10 кундан сўнг канал қирғоғидан топилган.

Фото: Дарғом канали

Аввалроқ, Kun.uz’да Самарқанд туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган Қ.А. қайнонаси билан ўрталарида келиб чиққан оилавий келишмовчилик ортидан 3 нафар вояга етмаган фарзанди билан ўзини Дарғом каналига ташлагани ва оқибатда икки нафар гўдак ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Самарқанд вилояти прокуратурасининг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан А.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Аёлга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган.

Бундан ташқари, ҳолат юзасидан вилоят ИИБ, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасига хизмат текширувлари тайинланган.

Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят прокуратураси томонидан воқеа тафсилотлари ҳам очиқланди. Унга кўра, 2022 йил 1 ноябр куни 26 ёшли аёл қайнонаси С.Қ. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро жанжалдан сўнг 3 нафар фарзанди билан бирга яшаш уйидан чиқиб кетиб, ота-онасининг уйига борган.

Орадан икки кун ўтгач, 3 ноябр куни А.Қ. қизини онасининг уйидан, ўғилларини боғчадан олиб чиққан. Сўнг Дарғом каналининг Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмига келиб, ўзи ва фарзандларини ўлдириш мақсадида сувга ташлаб юборган.

Шу пайт ҳодиса жойига яқин бўлган ошхона ишчилари томонидан А.Қ. ҳамда унинг 2 нафар фарзанди сувдан чиқариб олинган.

Аёлнинг бир нафар фарзанди воқеа жойида вафот этган. Иккинчиси сувда оқиб кетган. 2022 йил 13 ноябр куни А.Қ.нинг оқиб кетган фарзанди мурдаси Дарғом канали қирғоғидан топилган.

Мавзуга оид