Жаҳон | 18:57 / 22.11.2022
10879
2 дақиқада ўқилади

Москвада Бош штаб полковниги кир ювиш машинасини пора сифатида олаётганида ушланди

Москва 235-гарнизони ҳарбий суди Бош штаб ходими, полковник Иван Мертвишчевни ҳарбий комиссардан кир ювиш машинасини пора сифатида олгани учун икки ойга уй қамоғига маҳкум қилди.

Фото: ТАСС

Қайд қилинишича, Мертвишчев кузги чақирув кампанияси доирасида Раменки Бирлашган ҳарбий комиссариятини (БҲК) текширмоқчи бўлган.

Ташрифдан бир ҳафта олдин у ҳарбий комиссарга қўнғироқ қилиб, текшириш билан боришини айтган. У ҳарбий хизматга чақирилувчилар билан боғлиқ оғир аҳволдан хабардор эканини, зарур ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар бўлмаса ҳам, албатта қандайдир камчиликни барибир топишига шама қилган.

Бу ҳолат муаммога айланмаслиги учун Мертвишчев ҳарбий комиссарга 70 минг рубллик ($ 1150) кир ювиш машинасини олиб беришни таклиф қилган. Офицер ўзини бундай шартга рози бўлгандек кўрсатган, аммо Федерал хавфсизлик хизматига (ФХХ) шикоят қилган.

Шундан сўнг, махфий хизмат ходимлари Мертвишчев сўраган кир ювиш машинасини сотиб олиб, буюртмани олиб кетишни сўраган. Полковник уни олишга келганида эса ФХХ ходимлари томонидан ушланган.

Мертвишчевга нисбатан товламачилик йўли билан бирга пора олиш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 290-моддаси 5-қисми) бўйича жиноят иши очилган. У айбига тўлиқ иқрор бўлгани айтилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид