Жаҳон | 13:19 / 22.11.2022
8609
2 дақиқада ўқилади

Соломон оролларида кучли зилзила содир бўлди

Табиий офатнинг асосий зарбаси Гуадалканал оролига келиб тушди. Айни пайтда, Индонезияда жуда кучли зилзила оқибатида 160 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Фото: Anadolu agency

22 ноябрь, сешанба куни Тинч океани жанубидаги Соломон оролларида кучли зилзила содир бўлди. Америка сейсмологик хизмати маълумотларига кўра, зилзила магнитудаси 7,0 баллни ташкил қилган. Зилзила эпицентри Гвадалканал оролидаги Маланго қишлоғи ҳудудида, 15 километр чуқурликда жойлашган. 

Метеорологлар дастлаб цунами ҳақида огоҳлантириш беришган, бироқ бир неча соатдан кейин уни бекор қилишган. Ҳалок бўлганлар, жароҳатланганлар ёки катта вайронагарчиликлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ, бироқ маҳаллий ОАВ биноларга зарар етганини хабар қилмоқда. Кўп одамлар ваҳима ичида қирғоқ бўйидан баландроқ ерларга қочиб чиқишган.

Маланго шаҳри Соломон ороллари пойтахти Хониарадан 40 километр узоқликда жойлашган. Архипелагдаги биноларнинг аксарияти - зилзилага чидамли бунгалолардир.

Бир кун олдин Индонезиянинг Ява оролида содир бўлган жуда кучли зилзила натижасида 160 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, юзлаб одамлар жароҳат олди.

Индонезия ҳам, Соломон ороллари ҳам Тинч океанининг оловли ҳалқасида жойлашган бўлиб, Тинч океанининг периметри атрофидаги бу ҳудудда фаол вулқонлар ва кўплаб зилзилалар кузатилади. Ҳаммаси бўлиб, ушбу зонада Ерда маълум бўлган 540 та фаол ерусти вулқонидан 328 таси мавжуд.

Мавзуга оид