Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси раиси Нилуфар Қиёмова Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсати устувор йўналишларидан бири ҳисобланиши, мамлакатда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни тақдим этиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилганини қайд этди. 

Учрашув давомида ўзбекистонлик ёшлар таклифидан келиб чиққан ҳолда эндигина ушбу мамлакатга кириб келган ёшлар янги муҳитга мослашишига ёрдам бериш мақсадида бепул корейс тили курсларини ташкил этишга келишиб олинди. Курсларга қизиқиш билдирган ёшлар рўйхатини шакллантириш жараёни бошланди.

Шу ернинг ўзида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Кореядаги янги вакили тайинланди. Унга Жанубий Кореяда илмий изланиш олиб бораётган Елена Чуянова тайинланди. «Келажак бунёдкори» медали ва «Меҳр-саховат» кўкрак нишони соҳибаси Елена Чуянова Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетида таҳсил олган. 

Бугунги кунда 20 га яқин мамлакатда ассоциация ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Ўтган йили май ойида элчихона ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Кореядаги ваколатхонаси ушбу мамлакатда нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида расман рўйхатдан ўтди.