23 ноябр куни Тошкент тиббиёт академиясида бўлиб ўтган учрашувда Ҳиндистондаги Neo institute ташкилоти ўзбекистонлик тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун умумий қиймати 250 млн сўмлик тиббий адабиётларни совға қилди.
Жорий йилнинг август ойида ТТА халқаро фаолиятини кенгайтириб, Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида ўз ваколатхонасини очган эди. Мазкур ваколатхона Тошкент тиббиёт академияси раҳбарияти, ходимлари, профессор-ўқитувчиларининг Ҳиндистондаги йирик клиникалар, таълим масканларида малака оширишини таъминлаш мақсадида очилган. Шунингдек, хорижлик талабаларнинг ҳам Тошкент тиббиёт академиясида таълим олишини йўлга қўйиш кўзланган бўлиб, 2022-2023 ўқув йилининг ўзида Ҳиндистондан 250 нафарга яқин ёшларнинг таълим олиш учун келиши режалаштирилган.
Ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши Neo institute томонидан эътироф этилди ва бундан кейин ҳам ҳамкорликда қўшма илмий лойиҳалар яратилишига келишиб олинди.
Тошкент тиббиёт академияси матбуот хизмати











