Жаҳон | 16:19 / 27.11.2022
26339
2 дақиқада ўқилади

Беларус ташқи ишлар вазири кутилмаганда вафот этди

У 64 ёшда эди.

Фото: БЕЛТА

Беларуснинг «Белта» давлат агентлиги мамлакат ташқи ишлар вазири Владимир Макей тўсатдан вафот этгани ҳақида хабар берди.

«Белта» Беларус ТИВ матбуот хизмати раҳбари Анатолий Глазага асосланиб хабар тарқатган. РИА Новости ҳам Макейнинг ўлими ҳақидаги маълумотни Глаза орқали тасдиқлаган.

«Бир неча соат олдин ногаҳон вафот этди. Ҳеч нарсани олдиндан айтиб бўлмайди. Кечагина янги ҳафта учун режаларни муҳокама қилгандик. Барчамиз учун катта йўқотиш бўлди», дея унинг сўзларини келтирган агентлик.

Ўлим сабаблари келтирилмаган.

Жума куни Беларус ТИВ сайтида Макейнинг апостол нунцийси, архиепископ Анте Йозич билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Душанба куни Макей Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашув ўтказиши режалаштирилганди.

«Беларус Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Макейнинг вафоти ҳақидаги хабарлардан қайғудамиз», - дея ёзди Россия ТИВ расмийси Мария Захарова телеграм-каналида.

Макей 1958 йилда туғилган, у 2012 йил августидан буён Беларус ташқи сиёсий идорасига бошчилик қилиб келаётганди. Унгача, 2008 йилдан Беларус президенти Александр Лукашенконинг маъмуриятига раҳбарлик қилган. 2000 йилдан 2008 йилга қадар Лукашенконинг ёрдамчиси бўлган.

Макей 2021 йил кузида юзага келган миграция инқирози чоғида Беларуснинг Ғарб мамлакатлари билан музокараларида фаол иштирок этган, у шунингдек РФ армиясининг 24 феврал куни Украинага босқинидан кейин икки томон ўртасидаги музокараларни ташкиллаштиришга ёрдам берган.

16 феврал куни у матбуот анжумани чоғида Беларусга машғулот ўтказиш учун келган Россия қўшинлари машғулотлар якунида мамлакатни тарк этишини айтганди. «Машғулотлардан кейин бирорта ҳарбий хизматчи ва бирорта ҳарбий техника қолмайди», деганди ўшанда Макей (иқтибос БелаПАН нашриники).

Амалда унинг бу сўзлари тасдиғини топмади, Россия қўшини Беларус ҳудудидан Украина шимолига бостириб кирди ва Киев томон ҳаракатланди.

Мавзуга оид