Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати ҳам истисно бўлмади. Япониялик мухлислар Германия устидан қозонилган ғалабадан сўнг трибунани тозалаб, чиқиндиларни йиғиштириб кетишди. «Биз японмиз, шунинг учун чиқинди қолдирмаймиз. Биз бу жойни ҳурмат қиламиз», деди мухлислардан бири.
Бундай мисоллар тез тарқалади ва дунёни ҳайратда қолдиради, гарчи японлар учун атрофни тозалаш ва саранжомлик ғайриоддий ҳодиса бўлмаса-да. Улар атроф-муҳит озодалигини жуда ҳурмат қилишади.

Озодалик маданияти японлар онгига сингиб кетган
Япон дунёқарашида муҳим ўринни покланиш эгаллайди: озодалик яхши, ифлослик – ёмон. Покликка қарама-қарши томонда «кегаре» туради – у ўлим, касаллик ва ҳаётнинг бошқа нохуш ҳодисаларини ўз ичига олади. Уларнинг олдини олиш учун японлар руҳий ва жисмоний покланишни муҳим деб ҳисоблашади.
The New Yorker нашрининг ёзишича, тозалаш ва озодалик маданияти «Энгишики» китоби билан боғлиқ. У 927 йилда ёзилган бўлиб, Япония императори фармонлари ва қонунчилик кодексидан иборат. Китобда Киотодаги император саройини ҳар йили тозалаш мажбурияти таъкидланган, бу маросим диний маънога эга: янги йилдан олдин ёвуз руҳлар ва омадсизликлар шу тарзда ҳайдалган. XIII асрдан бошлаб, бу одат ибодатхоналар ва зиёратгоҳларга ҳам жорий қилинди. Шундан сўнг, аҳоли орасида ҳам тарқалди.
Япония маданиятида жамият уйғунлигига катта эътибор берилади. Бу миллий хусусиятдир. Атроф-муҳитни тоза сақлаш тана ва руҳни тоза сақлашга тенглаштирилади.

Японлар кичиклигидан тоза юришга одатланган, ота-оналар эса боғчалардан болаларининг ифлос тагликларни олиб кетишади
Тозалаш – мактабдаги ўқув жараёнининг бир қисмидир. Болалар бу билан олти-етти ёшдан, биринчи синфга борганидан бошлаб шуғулланади. Синфни тозалаш улар томонидан жазо сифатида қабул қилинмайди, балки ўйин форматини олади ва одатга айланади. Бу одат уйда ҳам тозалик ва тартибни сақлашни талаб қиладиган ота-оналарнинг таъсири билан мустаҳкамланади. Шу тариқа, бола япон жамиятига интеграциялашиб, ўзида масъулият ва ўзаро ёрдам туйғусини ривожлантиради.
Тозалаш болаларга бутун мактаб даврида ҳамроҳ бўлади. Бошланғич синф ўқувчиларига юқори синф ўқувчилари ёрдам берса, ҳожатхоналарни тозалаш, таъмирлаш ишлари мутахассислар томонидан амалга оширилади. Тозалаш учун уйда бўлгани каби чангютгич эмас, балки супурги ва ҳокандоз ишлатилади. Ёзувчи Ютака Окиҳара «Мактабни тозалаш» китобида ёндашувни шундай ифодалаган: «Ҳар қандай иш, ҳатто ифлосликларни тозалаш ҳам ўқувчи учун жуда паст иш ҳисобланмайди. Мактабни озода сақлаш ҳар кимнинг бурчидир».

















