Ўзбекистон | 17:53 / 29.11.2022
23151
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 10 ойда юз берган ЙТҲларда 226 нафар бола ҳалок бўлди

Ўзбекистонда январь-октябрь ойларида 7 минг 636 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Бу ҳақда Сенатда бўлиб ўтган автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлашга оид йиғилишда сенатор Қутбиддин Бурҳонов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё».

Қутбиддин Бурҳоновнинг айтишича, кўрилаётган чораларга қарамай, ўлимга олиб келган ЙТҲлар сони юқорилигича қолмоқда.

2022 йил ўтган ўн ойида 7 минг 636та ЙТҲ содир этилиб, уларда 7 минг 174 нафар фуқаро жароҳатланган ва 1 минг 931 нафар фуқаро ҳалок бўлган, ҳалок бўлганларнинг 226 нафари ёш болалар. 

«Бу ҳолат барчамизда бирдек ташвиш уйғотади. Биз 200 дан зиёд боланинг ўлими ҳақида гапиряпмиз, ваҳоланки, бир нафар боланинг ҳам тинч замонда бу тарзда ҳалок бўлиши фожиадир. Шу боис йўлларда хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди ва, табиийки, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг доимий назоратида бўлади», дея Қутбиддин Бурҳоновнинг сўзларини келтирган «Дарё».

Маълумот учун, 2021 йилнинг январ-октябр ойларида республикада 7 681 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 1 964 киши вафот этган, 6 886 нафар инсон жароҳатланган. ЙТҲ иштирокчиларининг 3 441 нафари пиёдалар, 1 268 нафари эса болалар ҳиссасига тўғри келган.

Мавзуга оид