Жаҳон | 08:46 / 30.11.2022
8171
3 дақиқада ўқилади

Капитолийга бостириб киришда қатнашган шахс ғалаён қўзғатувчиси деб тан олинди

АҚШнинг ўнг қанот экстремистик гуруҳи асосчиси Стюарт Родс Капитолийга бостириб киришда қатнашгани учун фитнада айбдор деб топилди. Ушбу моддага кўра, унга 20 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Фото: Wikipedia

АҚШнинг ўнг қанот экстремистик гуруҳи асосчиси Стюарт Родс Капитолийга бостириб киришда қатнашгани учун фитнада айбдор деб топилди. Тегишли қарор 29 ноябрь, сешанба куни Вашингтондаги ҳакамлар ҳайъати томонидан қабул қилинди, деб хабар беради AFP агентлиги.

57 ёшли Родс билан бирга Флоридадаги "Қасамёд сақловчилар" гуруҳи етакчиси Келли Меггс ҳам худди шундай айбдор деб топилди. Энди у ва Родс Америка фуқаролик уруши қонунида назарда тутилган жиноят учун 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Ҳукм кейинроқ эълон қилинади.

Иш бўйича яна уч нафар судланувчи ҳакамлар ҳайъати томонидан ғалаён айбловлари бўйича оқланди, бироқ бошқа жиноятларда айбдор деб топилди.

Стюарт Родс / Фото: AP

Стюарт Родс, АҚШ армиясининг собиқ аскари ва Йел университети ҳуқуқ факультети битирувчиси, кўзларида қора боғич тақиб юради, 2009 йилда "Қасамёд сақловчилар" гуруҳига асос солган. У асосан собиқ аскарлар ва полициячиларни қабул қилади. Гуруҳ ўз вазифасини «АҚШ ҳукумати зулмидан ҳимоя қилиш» деб билади.

Айблов хулосасига кўра, Капитолий ҳужумидан олдин Родс ва бошқа "Қасамёд қилувчилар" аъзолари қурол ва жанговар техника сотиб олиб, уларни Вашингтон яқинидаги меҳмонхонада сақлаган. 2021 йил 6 январдаги ҳужум пайтида Родс ўзини «жанг майдонидаги генерал каби тутган», деди прокурор Жеффри Нестлер суд жараёнида.

Стюарт Родснинг ўзи ва унинг шериклари уларга қўйилган айбловларни рад этади. Уларнинг таъкидлашича, улар фақат президентлик сайловларида мағлуб бўлган Доналд Трамп тарафдорлари митинги иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилган.

Трампнинг радикал тарафдорлари 6 январь куни Вашингтондаги митингдаги чиқишидан сўнг Капитолийга йўл олди, у ерда Сенат ва Вакиллар палатаси қўшма йиғилиши иштирокчилари сайлов натижаларини маъқуллади. Намойишчилар бинога бостириб киришга муваффақ бўлди, Конгрессдаги мунозаралар бир неча соатга тўхтатилди, қонун чиқарувчилар эвакуация қилинди. Полиция ҳужум иштирокчиларига қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, Миллий гвардия Вашингтонга етиб келган. Тўқнашувда беш киши ҳалок бўлди, улардан бири полициячи. Ҳукумат бир неча соатдан кейин яна Конгресс биносини назоратга олди.

Тўполондан сўнг 50 га яқин одам ҳибсга олинган, уларнинг баъзиларига айблов эълон қилинган. Аввалроқ, ҳужумнинг бир неча иштирокчиси турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Хусусан, QAnon фитна ҳаракатининг «шаман»и Жейкоб Энтони Чансли 41 ой, полиция ходимларига ҳужум қилиб, терговга тўсқинлик қилганликда айбдор деб топилган Техас штатида яшовчи Ги Реффит 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид