1 декабр куни Қатардаги жаҳон чемпионатида E ва F гуруҳларида ҳам сўнгги ўйинлар ўтказилади. Биринчи турда Коста-Рика дарвозасига жавобсиз 7 гол урган Испания ҳам плей-оффдан қолиб кетиши мумкин. Фақат бир очко билан қолаётган Германиянинг хато қилишга ҳаққи йўқ, Белгия турнирни тарк этиш ёқасида. Қуйида икки гуруҳдаги жамоаларга гуруҳдан чиқиш учун қандай натижалар кераклигини кўриб чиқамиз.
F гуруҳи
Канада — Марокаш (Тошкент вақти билан соат 20:00)
Белгияликлар билан ўйинда сифатли ўйини билан барчани ҳайратга солган Канада Хорватияга қарши ўйинда ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш эта олмаганди. Шимолий америкаликлар бош мураббийи Жон Ҳердман ўз жамоаси хорватларни янчиб ташлаши ҳақида гапиргани рақибнинг қаттиқ жаҳлини чиқарди. Натижада Канада плей-оффга чиқиш имкониятини йўқотди, аммо жамоа охирги турда эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетиши мумкин.
Марокаш эса Хорватия билан ўйинда зерикарли дуранг қайд этганди, Белгия устидан эса сенсацион ғалабага (2:0) эришилди. Энди африкаликларни гуруҳдан чиқиш учун КОНКАКАФ вакилларига қарши ўйинда дуранг ҳам қониқтиради. Ғалаба эса жамоа 1/8 финалга биринчи ўрин билан йўл олишини таъминлаши мумкин. Бунда параллел ўйинда хорватлар белгияликларни мағлуб этган тақдирда, тўплар нисбатига қаралади.
Марокашликлар Канадага мағлуб бўлиб ҳам иккинчи ўрин билан плей-оффгга чиқиши мумкин — бунинг учун Хорватия Белгияга ютқазмаслиги талаб этилади.
Хорватия — Белгия (Тошкент вақти билан соат 20:00)
ЖЧ-2018 финалчилари худди Марокаш каби иккинчи турда ўйин сифатини оширишди. Хорватия ҳам иккинчи ўйинда ғалаба қозонди — нисбатан йирикроқ ҳисоб қайд этилди, натижада гуруҳнинг сўнгги тури арафасида жамоа гуруҳда етакчи бўлиб турибди. Златко Далич шогирдлари дуранг учун ўйнаши ҳам мумкин, бир очко жамоага 1/8 финал йўлланмасини беради. Агар марокашликлар Канадани енга олмаса, хорватларга беш очко ҳам биринчи ўрин учун етарли бўлиши мумкин. Хорватия ва Марокаш ўз ўйинларида ғалаба қозонса, юқорида айтилганидек, тўплар нисбати яхшироқ бўлган жамоа биринчи ўринни эгаллайди.
Турнир нуқтайи назарида Белгия учун барчаси оддий: ғалаба уларни параллел учрашувда қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар кейинги босқичга олиб ўтади. 2018 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медаллари совриндорлари агар Марокашга қарши ўйинда натижага эришганида, муддатидан олдин плей-офф масаласини ҳал қилган бўларди, аммо улар бу ўйинда ҳатто гол ура олишмади. Энди 1/8 финал йўлланмасини олдинги жаҳон чемпионатининг бошқа бир совриндорига қарши ўйинда тортиб олиш талаб этилад. Белгиянинг кексая бошлаган «олтин авлоди»ни ғалабадан бошқ ҳар қандай натижа мундиал плей-оффисиз қолдиради.


















