Томонлар кўп қиррали икки томонлама муносабатлар кун тартибини кўриб чиқар экан, мавжуд ижобий динамика икки давлат раҳбарияти ўртасидаги ишончли муносабатларга асосланганлигини таъкидладилар. Эришилган келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрлик билдирилди.

Энергетика соҳасида сармоявий ҳамкорлик амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Ҳозирда ACWA Power компанияси умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ ва қуввати 4,1 ГВт дан ортиқ бўлган 5 та лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳаларни жорий этишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантиришни ўз ичига олган 10 миллиард долларлик янги инвестиция дастурини ишлаб чиқишни маромига етказиш бўйича келишувга эришилди.

1 миллиард 310 миллион долларлик МТП технологияси асосида метанолдан пропилен ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутган ҳолда кимё тармоғида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар бориши кўриб чиқилди. Жорий йил декабрь ойида лойиҳа техник ва технологик параметрларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш мақсадида Саудия компаниялари делегацияси Ўзбекистонга сафари режалаштирилди.