Ўзбекистон | 08:17 / 03.12.2022
22063
4 дақиқада ўқилади

“Бу ғуруримизни таҳқирлайдиган ҳолат” — сиёсатшунослар Россия давлат думаси раҳбарининг Ўзбекистонга берган маслаҳати ҳақида

Сиёсатшунослар Фарҳод Толипов, Камолиддин Раббимов ва иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров Kun.uz’га берган интервьюсида Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володиннинг Америка билан алоқа қилмаслик ҳақида Ўзбекистон расмийларига берган маслаҳати давлатчиликка нисбатан ҳақорат экани ҳақида гапирди.

“Буни рус сиёсатчисининг бизнинг сиёсатчиларга ўқитувчилиги, устозлиги деймизми? Умуман, қандай сўзлар билан ифодаламайлик, бу улар қутулолмаётган неоимпериячилик кайфиятини кўрсатадиган ҳаракатлар.

Уларнинг раҳбарияти, элитаси, сиёсий партиялар, экспертлар ва ҳаттоки оддий одамлари орасида империячилик жуда чуқур илдиз отган. Бу уларда авлоддан авлодга ўтиб келяпти. Либерал ғояларга ўтишолмаяпти.

Володиннинг бу гаплари бизга нисбатан қилинган илк ҳурматсизлик эмас. Бу шунчаки навбатдагиси. Бу анчадан бери давом этиб келаётган тенденция. Бу бўйича мисоллар кўп. Масалан, ўтган йил декабрда Россия Ташки ишлар вазирлиги АҚШ ва НАТОга ғарб нафақат Марказий Осиё, балки собиқ совет республикаларининг бирортаси билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик олиб бормаслиги керак, деган ултиматум билан чиққанди. Бу худдики собиқ совет республикалари номидан айтилган мурожаатдек бўлиб чиққан. Хўш, улар биздан, Озарбойжон ёки Қозоғистондан истакларимиз ҳақида сўрадими?

Бу мустақилликни, суверенитетни писанд қилмаслик. Шу маънода ҳақорат деб тушунишимиз ҳам мумкин.

Бугун мен ўзим ўқитаётган талабалар билан ҳам бу масалани муҳокама қилдим. Уларнинг жавобларидан кейин менда талабалар тушунган нарсани наҳотки сиёсатшунослар тушунмаса, деган савол пайдо бўлди. Яъни талабалар айтяптики, хўп, Россиянинг АҚШ билан алоқалари яхши эмас экан, бизнинг бунга нима алоқамиз бор? Улар АҚШни ёмон кўрса, биз нега ёмон кўришимиз керак? Яхши, улар ҳамкорлик қилмас экан, биз нега ҳамкорлик қилмаслигимиз керак?

Бу – босим. Бу – неоимпериячиликнинг кўриниши.

Володиннинг баёнотида шунингдек, АҚШ ўзбек оилалари ва қадриятларини бузиши мумкин, деган сўзлар ҳам бор. Мен талабаларимдан хўш, АҚШ қай бирингизнинг оилангизни бузди, дея сўраяпман”, – деди Фарҳод Толипов мавзу ҳақида гапириб.

Камолиддин Раббимовга кўра, Россия  Украина билан уруш сабаб оғир бир вазиятга тушиб қолганки, унинг юзидаги барча ниқоблар ечилиб бўлган.

“Яъни Россиядан кўпчилик етакчи давлатлар юз ўгириб бўлди. Ҳаттоки, Хитой эҳтиёткор муносабатда бўлмоқда. Ҳозир унда очиқдан очиқ шантаждан бошқа чора қолмади.  

Россия Украина урушидан аввал Марказий Осиёга нисбатан геосиёсий босимни парваришлаб келди. Бугун бу босимлар қадрсизланди. Шунинг учун ҳам шантаждан бошқа йўл қолмаяпти”, – деди таҳлилчи.

Иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров эса Володиннинг ҳурматсизлигига ўзбек сиёсатчиларининг ўзи ҳам айбдор экани ҳақида гапирди.

Интервьюни тўлиқ ҳолда ушбу линк орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид