Беларус ташқи ишлар вазири Владимир Макейнинг ролини икки томонлама сигналларни кучайтириш билан белгилаш мумкин — у Лукашенкодан Ғарбга ва Ғарбдан Лукашенкога сигналларни етказиб турарди. Ўтган йилларда Макейсиз икки томонлама алоқалар янада ёмонроқ бўлиши мумкин эди. Беларус эндиликда Ғарб эътиборини жалб этиш учун ички ва ташқи сиёсатда туб ўзгаришлар қилиши керак бўлади, аммо мамлакатда бунга хоҳиш йўқ. Лукашенко ҳукуматидаги энг ғарбпараст вазир бўлган Владимир Макейнинг ўлими Беларус ташқи сиёсатига қандай таъсир қилади?

Владимир Макей Беларусдаги энг таниқли амалдорлардан бири бўлиб, машҳурлиги бўйича Александр Лукашенкодан кейин иккинчи ўринда турарди.

Ташқи ишлар вазири сифатидаги ўн йиллик фаолияти давомида у Беларус ҳукуматидаги асосий ғарбпараст овоз эгаси сифатида обрў қозонди, шунинг учун унинг 64 ёшида тўсатдан вафот этиши кўплаб фитна назарияларини келтириб чиқарди. Қолаверса, Макей ҳаётининг сўнгги кунларида мутлақо соғлом ва фаол эди — у яқинда КХШТ саммитидан қайтган ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тадбирларида қатнашиш учун Полшага кетмоқчи эди.

Лукашенкога яқин бўлган муҳим вазирнинг ўлимидан назарий жиҳатдан манфаатдор бўлганлар сирасига Беларус хавфсизлик кучлари ва уларнинг россиялик ҳамкасбларини киритиш мумкин.

Аммо ушбу ўлимда кимнидир айблашдан фойда кўрмайдиган Беларусдаги мустақил «Наша Нива» нашри ўлим ҳақида ўз манбаларига таянган ҳолда, биринчи бўлиб хабар берди. Хабарга кўра, Макей ўз вақтида шифокорларга мурожаат қилмасдан, юрак хуружидан вафот этган.

Шундай қилиб, марҳумнинг қариндошлари ёки ҳукумат бирор қўшимча ахборот эълон қилмаса, Беларус ташқи ишлар вазирининг қўққисдан ўлими тақдирдан бўлгани мантиқан асосли бўлиб қолади.

Ғарбга мойил вазир

Макей Беларус ҳукуматининг юқори элитасида узоқ вақт ишлаган кам сонли одамлардан бири эди. У 2000 йилда Лукашенконинг ёрдамчиси сифатида иш бошлаган, 2008 йил унинг администрацияси раҳбари бўлган, 2012 йилда эса ташқи ишлар вазири этиб тайинланган.

Макей кўпинча Лукашенко атрофидаги ғарбпараст қанот билан боғланган, чунки 2014 йилда Россия-Украина можароси бошлангандан сўнг Минскнинг Ғарб билан энг узоқ вақт яқинлашувининг юзи ва мотори айнан Макей бўлганди. Бу тахминда қандайдир ҳақиқат бор эди.