Амалдаги жаҳон вице-чемпионлари яна пеналтилар сериясида ғолиб келди ва Японияни ортда қолдириб, чоракфиналга чиқди.

ЖЧ-2022. 1/8 финал. 5 декабрь
Япония – Хорватия 1:1. Пенальтилар серияси: 1:3 
Голлар: 1:0 – 43 Маэда, 1:1 – 55 Перишич.
Япония – Гонда, Йосида, Танигути, Томиясу, Нагатомо (Митома, 64), Эндо, Морита (Танака, 105), Камада (Сакаи, 75), Ито, Доан (Минамино, 87), Маэда (Асано, 64).
Хорватия – Ливакович, Юранович, Ловрен, Гвардиол, Баришич, Модрич (Маер, 99), Ковачич (Влашич, 99), Брозович, Перишич (Оршич, 105), Крамарич (Пашалич, 68), Петкович (Будимир, 62; Ливая, 105).
Огоҳлантиришлар: Ковачич (90), Баришич (116).

Ким фаворит эди?

Бу 1/8 финал жуфтликлари орасида натижасини олдиндан тахмин қилиш қийин бўлган жуфтлик эди. Қоғозда Хорватиянинг имкониятлари яхшироқ кўринарди, аммо уларни яққол фаворит дейиш қийин эди. Шу билан бирга амалдаги вице-чемпионлар плей-оффнинг илк раундидаёқ Испания ёки Германия каби кучли рақиблардан қутулиб қолганидан енгил тин олганди.

Улар Япониядан келган рақибларга қандай қарашарди? Ҳурмат билан, аммо оптимизм ҳам йўқ эмасди. Осиёликлар жаҳон чемпионатида икки грандни мағлуб этишди, улардан бирини гуруҳда қолдириб кетишди. Уларни олдинда мустаҳкам бўлса-да, Испания ва Германия каби хавфли бўлмаган рақиб кутаётганди. Қолаверса, Японияда ўзига хос юқори иштиёқ бор эди: тўрт йил муқаддам жамоа 1/8 финалда Белгияга қарши ўйинда иккинчи бўлим ўрталарига қадар 2:0 ҳисобида олдинда бориб, якунда ютқазиб қўйганди.

Умуман олганда, Хорватия японлар учун қулай рақибдек кўринарди. «Шашкачилар» мудофаа чизиғини олдинроқда ўрнатишни хуш кўради, кам гол уради ва топ-форвард йўқлиги туфайли имкониятлардан самарали фойдалана олмайди. Япония тўпга эгалик қилишни хаёлига ҳам келтирмади, чунки уларнинг қуроли шиддатли қарши ҳужумлар: Коста-Рикага улар кўп жиҳатдан ўйинда биринчи рақамда ўйнашига тўғри келгани ҳам ютқазишди, гуруҳдаги бошқа икки рақибдан эса тезкор қарши ҳужумлар эвазига устун келишганди. Оддийроқ қилиб айтганда, Хорватияни оғир синов кутаётганди.

Осиёликларнинг кучли бўлими

Японлар 5-4-1 блокида саф тортишди, бу Испания билан учрашувда ўзини оқлаганди. Унгача Хадзимэ Мориясу жамоаси икки марказий ҳимоячи билан ўйнаётганди, энди эса нисбатан ҳимоявий вариант танланди.