Ўзбекистон | 11:20 / 07.12.2022
8035
2 дақиқада ўқилади

Бензин нархини асоссиз равишда ошираётган АЁҚШларга кескин чора кўрилади – Антимонопол қўмита

Айрим ҳудудлардаги АЁҚШларда АИ-80 бензиннинг чакана нархлари ўртача 6 800 сўмдан 7 100 сўмгача қимматлашган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси нархларни сунъий равишда ошириш ҳолати аниқланган субъектларга белгиланган тартибда чора кўрилишини маълум қилди. 

Фото: autonews.ua

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин нархини оширадиган АЁҚШларга огоҳлантириш билан чиқди. Қайд этилишича, республиканинг айрим ҳудудларидаги АЁҚШларда АИ-80 бензиннинг чакана нархлари ўртача 6 800 сўмдан 7 100 сўмгача ошганлиги кузатилган.

Жорий йилнинг 5 декабрь куни биржа савдолари натижасига кўра АИ-80 бензин маҳсулотининг нархи 1 тонна учун ўртача 8 млн сўмни ташкил этиб, мазкур кўрсаткич ўтган ноябрь ойига нисбатан 4 фоизга ошган.

Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан харид қилинган бензин ўртача 5-10 кундан кейин юклаб жўнатилади ва сотувга чиқарилади. Яъни биржа савдоларида кузатилган нарх ўсиши 10 кундан кейин АЁҚШлардаги чакана нархларга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

«Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан автомобиль бензини нархларини сунъий оширишга, танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик мақсадида, биржа савдоларига қўйиладиган АИ-80 маркали бензиннинг кунлик ҳажмларини ошириш ва нархларни барқарорлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 5 декабрь кунидан бошлаб биржа савдоларига қўшимча минг тонна АИ-80 бензини қўйилиши таъминланди. Шу муносабат билан, республикадаги барча АЁҚШлардан халқимизни газ ва иссиқлик билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ қуйиш шохобчалари вақтинчалик ёпилиши эвазига бензинга бўлган талаб ошганлиги сабабли асоссиз қўшимча даромад олиш ҳолатларига йўл қўймасликлари сўралади», - дейилади қўмита хабарда.

Қўшимча қилинишича, қўмита бензин нархлари доимий мониторинг қилиб борилишини ва нархларни сунъий равишда ошириш ҳолати аниқланган тақдирда ушбу субъектларга белгиланган тартибда тегишли чора кўрилишини маълум қилган.

Аввалроқ Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилиши ҳақида хабар берилганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид