Латвия ортидан Литва ҳам «Дожд» телеканали эфирини тақиқлайди
8 декабрдан бошлаб мамлакат ҳудудида YouTube'да «Дожд» телеканали эфирларини кўриш имкони бўлмайди. Куни кеча «Дожд» «миллий хавфсизликка таҳдид» сабаб Латвия томонидан ҳам тақиқланди.
Латвиядан кейин Литва ҳам Россиянинг мухолиф «Дожд» телеканали эфирини тақиқлади. Ушбу қарорнинг сабаби Латвия ҳукумати томонидан каналга контентни Европа Иттифоқи, шунингдек, Россия, АҚШ ва бошқа мамлакатларда тарқатиш имконини берадиган «Дожд» лицензиясининг бекор қилиниши бўлди. Бу ҳақда Литва радио ва телевидение комиссияси 7 декабрь, чоршанба куни хабар берди.
«У («Дожд») Латвияда хизмат кўрсатувчи телерадиокомпаниялар томонидан қайта трансляция қилинадиган дастурлар рўйхатига киритилган, талаб бўйича аудиовизуал медиа-хизмат провайдерлари хизматлари YouTube видео алмашиш платформасида мавжуд. Лицензия бекор қилинганидан кейин, 8 декабрдан бошлаб «Дожд»эфирларини Литвада ҳам кўриш имкони бўлмайди», - деб хабар қилди комиссия.
Бир кун аввал Латвия Миллий электрон ОАВ кенгаши (NEPLP) «миллий хавфсизлик ва жамоат тартибига таҳдид борлиги» ҳақида маълум қилиб, «Дожд» телеканалининг эфирга чиқиш лицензиясини бекор қилди. Латвия ҳудудида телекомпаниянинг YouTube'даги дастурларини кўриш имкони ҳам блокланди.
Латвияда «Дожд»нинг лицензиядан маҳрум қилиниши иккита огоҳлантиришдан кейин содир бўлди. Биринчиси, Қримни Россия Федерацияси бир қисми сифатида кўрсатадиган хаританинг эфирга узатилиши билан боғлиқ эди. Бунинг учун телеканал 10 минг евро жаримага тортилди.
«Дожд» телебошловчи Алексей Коростелев жонли эфирда Россия армиясини «бизникилар» деб атагани ва канал «фронтга» сафарбар қилинган русларга «ёрдам бериши мумкин» деган иборасидан сўнг иккинчи огоҳлантириш олди.