Ўзбекистон | 13:10 / 09.12.2022
8694
1 дақиқада ўқилади

Бишкекдаги ЕОИИ саммитида Ўзбекистон номидан Абдулла Арипов иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи кейинроқ алоҳида бўлиб ўтади.

Фото: gov.kg

Бугун, 9 декабр куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари саммити бўлиб ўтмоқда. Айни вақтда РФ президенти Владимир Путин ҳам Бишкекка етиб келган.

Қирғизистон ТИВ раҳбари ўринбосари Айбек Молдогазиев маҳаллий нашрларга берган интервюсида Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомига эгалиги ва бугунги саммитда Ўзбекистон номидан бош вазир Абдулла Арипов иштирок этишини маълум қилган. 

У Ўзбекистон раҳбарининг Қирғизистонга давлат ташрифи эса кейинроқ алоҳида амалга оширилишини қўшимча қилган. 

Айни вақтда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Бишкекка етиб борди. «Манас» халқаро аэропортида уни Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раиси – президент маъмурияти раҳбари Оқилбек Жапаров кутиб олди.

Бундан олдинроқ Қирғизистон ТИВ Шавкат Мирзиёев 10 декабр куни ушбу мамлакатга ташриф буюриши ҳақида хабар берган, Ўзбекистон томони эса буни тасдиқламаганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид