Ўзбекистон | 09:42 / 09.12.2022
4371
2 дақиқада ўқилади

Экспортёр корхоналар ишидаги 4 та асосий муаммо маълум қилинди

Ўзбекистон Бош прокуратурасида бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев раислигида тадбиркорлар ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ва мамлакат экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳудудлар ва тармоқлар кесимида ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар натижалари кўриб чиқилди. Жорий йил январь-ноябрь ойлари мобайнида 13 миллиард долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди. 

Экспортёр корхоналар айланма маблағларини тўлдириш учун зарур кредитлар ажратиш, илгари тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтариш, коммунал хизматларга улаш ва энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича масъул раҳбарлар фаолияти етарли даражада эмаслиги қайд этилди.

Ҳудудлар ва тармоқлар мавжуд экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида экспортёрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан корхоналарга бириктирилган масъул раҳбарлар ҳисоботлари танқидий руҳда тингланди. Экспортга етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида кундалик мониторингни амалга ошириш, тадбиркорлар билан фаол ҳамкорлик қилиш ва уларни ўз вақтида ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Йиғилиш якунларига кўра, муҳокама этилган масалалар доирасида тегишли раҳбарларга қўшимча мақсадли топшириқлар берилди. Улар бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Бош прокуратурасига юкланди.

Мавзуга оид