Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2022 йилнинг май-август ойларида ўтказилган 6 та тадбирга 18,2 млрд сўм маблағ ажратган.

Булар – гуллар фестивали, опера фестивали, санъат ойлиги, таомлар фестивали, мусиқа фестивали, музқаймоқ фестивали.

Шаҳар ҳокимининг бу тадбирларга пул ажратиш ҳақидаги қарори аввалига e-qaror тизимида яшириб қўйилган, кейинроқ Адлия вазирлигининг бир марталик талаби билан қарор тизимда пайдо бўлди.

18,2 млрд сўм маблағ тадбирларни ташкил этиш учун Тошкент шаҳар маданият ва туризм бошқармаларига ўтказиб берилган. Ҳар икки бошқарма хусусий ташкилотчи компанияларни тўғридан тўғри танлаб олган, фестиваллар бўлиб ўтганидан бир неча ой ўтиб тендерлар ўтказган. Тендерсиз шартномаларни қўлга киритган компаниялар кейинроқ тендерларда ҳам ғолиб деб топилган.

Тошкент ҳокими жуда кўп қарорларини оммадан яширяпти

Тошкент шаҳар ҳокимининг 520-14-0-Q/22 сонли қарори билан опера фестивали учун Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига 2 млрд сўм маблағ ўтказилган.

Бу қарорнинг сканерланган нусхаси давлат харидлари порталида бор. Лекин e-qaror тизимида яшириб қўйилган. Сабаб эса – “ушбу ҳужжат мазмунида шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги”.

520-сонли қарор давлат харидлари порталида эълон қилинган.
520-сонли қарор E-qaror тизимида яшириб қўйилган.

2 бетлик қарорни ўқиб чиқиб, унда фойдаланиш чекланган ахборот йўқлигини, яъни юқоридаги сабабга зид эканини кўриш мумкин. Шу тариқа, ҳокимлар ўз қарорларини қонунчиликка зид равишда яшириб қўяётгани бўйича шубҳалар яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Аввалроқ Адлия вазирлигининг баёнотидан маълум бўлган эдики, ҳокимлар E-qaror тизими орқали қарорларга электрон имзо қўяётган пайтда, бу ҳужжатни очиқ эълон қилиш ёки қилмасликни ўзлари ҳал қилади. Бундан кўринадики, ҳужжатларни тизимда яшириб қўйиш ҳокимликда ишловчи бошқа ходимлар эмас, шахсан ҳокимнинг ўз ташаббуси билан бўляпти.