Айни кунларда Ўзбекистон талабалари ҳаётида муҳим воқеа – Интеллектуал олимпиада бўлиб ўтмоқда.

Тарихда илк бор ўтказилаётган ушбу кенг миқёсли мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-96-сонли қарори ижросини амалга ошириш доирасида ташкил этилмоқда. Ушбу қарорда 2022 йилдан бошлаб ҳар йили Интеллектуал олимпиадани ўтказиш белгилаб қўйилган.

Интеллектуал олимпиада Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, «Заковат интеллектуал клуби» ННТ, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Интеллектуал олимпиада икки босқичда (ҳудудий ва республика) ўтказилмоқда. Шу йилнинг 9 декабр куни республикамизнинг 14 та ҳудудида ҳудудий босқич ўйини ўтказилиб, унда 123 та ОТМдан 861 нафар талаба қатнашди. Ҳудудий босқич якунида ҳар бир ҳудудда энг яхши натижа кўрсатган 50 жамоа республика босқичига йўл олди.

Интеллектуал олимпиаданинг республика босқичи олий таълим муассасалари талабалари ўртасида 4 кун давомида – 2022 йилнинг 14-17 декабр кунлари ўтказилмоқда ҳамда унда иштирокчилар қуйидаги 6 турдаги ўйинда беллашади:

  • «Заковат» ўйинининг спортча версияси;
  • брейн-ринг;
  • шахсий ўйин;
  • эрудит-квартет;
  • шахмат;
  • шашка.

Олимпиадада ҳар бир ОТМдан 12 нафар иштирокчи (7 нафари – «Заковат», брейн-ринг, шахсий ўйин, эрудит-квартет учун; 2 нафари (1 қиз, 1 ўғил) шахмат учун; 2 нафари (1 қиз, 1 ўғил) шашка учун; 1 нафар ОТМ мураббийи) қатнашади.

Маълумот учун, турнирда республикамизнинг 14 та ҳудудидан жами 50 та ОТМ жамоалари ҳамда уларда ўқийдиган жами 550 нафар талаба қатнашмоқда.

Интеллектуал олимпиада тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Иштирокчилар ҳар бир ўйинда ҳал қилувчи босқичга яқинлашмоқда.