“Келгусида пойтахт жамоат транспорти учун янги автобуслар сотиб олиниши режалаштирилган”.

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш орқали транспорт хизматини қулайлаштириш, йўналишлардаги автобуслар ҳаракатланишини тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга тегишли 7, 8, 18-сонли автосаройларда мавжуд йўналишлар фаолиятини ўрганишга 212 нафар ички ишлар ходими жалб этилган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати Kun.uz сўровига жавобан маълум қилди.

Ўрганиш давомида 65 та йўналишга 411 та автобус жалб этилгани, бироқ аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун қўшимча 57 та автобус зарурлиги аниқланди. Зарурий таъмирлаш ишларидан сўнг 16 декабрь куни қўшимча 20 та автобус жалб қилинган.

Бундан ташқари, 71 та автобус олиб келиниб, йўналишга чиқариш учун жиҳозланган (GPS, тўлов терминали, йўналиш рақами ва кўрсаткичлари ва ҳ.к. ўрнатилган), давлат рақам белгилари тарқатилган ҳамда ҳайдовчиларни ўқитиш ишлари амалга оширилган. 71 та автобусдан 35 таси йўналишга чиқарилган.

Қўшимча олиб келинган автобусларнинг 30 таси ИИВ томонидан ажратилган бўлиб, улар интервал вақти узоқ ва йўналиш масофаси катта бўлган йўналишларга бириктирилган. Натижада сутка давомида йўловчилар сони 1,9 фоизга, тушумлар миқдори 2,5 фоизга ошган, йўналишдаги автобусларнинг ҳаракатланиш оралиқ вақти 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқарган. Кейинги босқичда 36 та автобус тайёрланиб, йўналишга чиқарилиши режалаштирилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Қайд этилишича, пойтахт автобус саройларида мавжуд 570 та автобусдан 176 таси техник жиҳатдан носоз ҳолда сақланаётгани, 75 таси фойдаланишга умуман яроқсиз ҳолатда экани аниқланган ва шундан 16 таси ИИВ, МГ, ФВВнинг ташаббуси билан жорий таъмирланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ИИВ қарамоғига берилган автосаройларга 302 та шина, 86 та аккумулятор батареяси ва 343 та бошқа турдаги эҳтиёт қисм зарурлиги аниқланган.

Ҳайдовчилари штат бирлиги 895 та бўлса-да, 14,4 фоизи ёки 129 таси жамланмаган, бундай ҳолат йўловчиларни ташиш фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. ИИВ ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ходимлар бўлими билан биргаликда бўш ҳайдовчи лавозимларини жамлаш мақсадида 2 425 нафар “D, E” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар рўйхати шакллантирилган. Тошкент шаҳридан 413 нафар, Тошкент вилоятидан 2 012 нафар ҳайдовчиликка номзод рўйхатга олиниб, улар билан ўтказилган суҳбатлар натижасида 34 нафари ишга қабул қилинди, 66 нафари бўйича ҳозирда ҳужжатлар тайёрланмоқда.