XX-асрда дунёнинг иккита қутбини бошқарган АҚШ ва СССР бир-бирига қарши нафақат ошкора, балки пинҳона жиддий кураш олиб борган. Ҳар икки давлатнинг махсус хизматлари қарши томоннинг айғоқчиларини йўлдан уриб, ўзи томонга оғдиришга ҳаракат қилган.

Бунда АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МРБ) жосусларидан кўра, КГБ ходимларини сотиб олиш осонроқ бўлган. Шу сабабли ҳам ўтган асрнинг 60-70-йилларида КГБнинг кўплаб ходимлари Ғарб давлатларидан, жумладан АҚШдан сиёсий бошпана сўраган ва ўша ёққа кўчиб ўтган.

Совет жосуслари Ғарбга қочиб ўтар экан, ўзи билган жуда кўплаб муҳим маълумотларни рақибларга «сотарди». Бундай ҳолатларда КГБ ошкор бўлган жосусларини Ғарбдан тезда эвакуация қилар ва уларнинг ўрнига бошқаларини юборарди.

КГБ жосуси Олег Лялиннинг Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраши ҳам шундай якун топганди. Унинг Британия разведка хизмати МИ-5 билан ҳамкорлик бошлаши ортидан КГБ бу давлатдаги барча жосусларини олиб чиқишга мажбур бўлганди.

Олег Лялин ҳақида

Олег Лялин 1937 йилда Ставропол ўлкасида туғилган. У мактабни битиргач Одессадаги савдо флотлари учун мутахассислар тайёрлайдиган денгиз академиясига ўқишга киради.

Академияда ўқувчиларга бир нечта хорижий тиллар чуқур ўргатиларди. Муассаса КГБ назоратида бўлиб, унинг битирувчилари орасидан жосусликка ходимлар танлаб олинарди.

Академияни битириш йилида Лялин ҳам КГБ ходимлари эътиборига тушади. Уни КГБнинг махсус мактабига таклиф этишади. У ерда Лялин Ғарбдан Одесса портига келаётган денгизчилар, контрабандачилар ҳақида маълумот йиғиш билан шуғулланади.

КГБнинг бир неча босқичдан иборат курсларини муваффақиятли тугатган Лялин давлат хавфсизлик қўмитасининг ходими сифатида ишга қабул қилинади.

Ўша пайтда Лялинга ўхшаган бир нечта тилни мукаммал ўзлаштирган ходимлар хорижий мамлакатларда жосуслик қилишлари учун КГБга сув ва ҳаводай зарур эди.

Шу сабабли ўтган асрнинг 60-йилларида Лялин СССРнинг Буюк Британиядаги савдо уйи ходими ниқоби остида Лондонга жосус сифатида юборилади.

Ўша пайтда Буюк Британия СССР учун АҚШдан кейинги асосий рақиб ҳисобланарди. Шу сабабли КГБнинг бу давлатда 100 нафардан ошиқроқ жосуси бўлиб ва уларнинг аксарияти СССРнинг Британиядаги савдо уйи ходими ниқоби остида ишларди.