Ўзбекистон | 16:23 / 18.12.2022
16468
2 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганлар жавобгарликка тортилади — Саида Мирзиёева

Саида Мирзиёева ўқитувчилардан йиллар давомида фаррош, комиссияга хизмат кўрсатувчи официант, бўш залларни тўлдирувчи «массовка» сифатида фойдаланилгани ҳақида айтиб ўтди.

Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева «Заковат» интеллектуал олимпиадаси доирасида брейн-ринг ўйинлари финалида чиқиш қилиб, ҳар бир заковатчи ортида турган устозлар ҳақидаги фикрларини билдирди.

«Афсуски, фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, қадрсиз бўлди. Улардан боғбон, фаррош, мактабга келган комиссияларга хизмат кўрсатувчи официант, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдирувчи «массовка», матбуот нашрларига мажбурий обуначи, тунги навбатчи ва мактаб қоровули сифатида фойдаланилди.

Энди бу ишларни тўхтатиш вақти келди. Чунки ўқитувчилар қадрини кўтармас эканмиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз.

Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тез орада қабул қилиниши кутиляпти. Бугунги интеллектуал олимпиада ғолибларини чин дилдан табриклайман!» — деди Мирзиёева.

Ноябр ойи бошида Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчиларига таълим беришдан ташқари ортиқча вазифалар, жумладан, маҳаллаларда уйма-уй юриб, хатлов қилишга мажбурланаётгани хабар қилинган эди. Шундан сўнг Президент администрацияси томонидан Халқ таълими вазирлиги ҳамда тегишли мутассаддиларга ўқитувчилар зиммасига юклатилган барча ортиқча вазифаларни инвентаризация қилиш ҳамда уларни тақиқлаш юзасидан  тегишли кўрсатма берилди. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид