Россияликларнинг Херсонда Днепр дарёсининг ўнг соҳилига ўтказилган ва бўшаган ҳарбий бўлинмалари Донбасснинг турли нуқталарига қайта жойлаштирилди ва сафарбар қилинган кучлар билан кучайтирилди. Катта эҳтимол билан, Россия қўшини ноябр ойида Вугледар ва Павловка ҳудудларида эришилган муваффақиятларни мустаҳкамлаш учун Донецк областининг ғарбий қисмида ҳужум бошлашга умид қилмоқда, дея ёзади ISW.

Унинг экспертлари маълумотига кўра, Россия қўшини Луҳанск областининг ичкари ҳудудларидан фронт чизиғига оғир техникаларни олиб келмоқда.

Совуқ кунлар келиши билан Россия армияси Украинанинг Луҳанск ва Донецк областларида бутун фронт чизиғи бўйлаб фаоллашгани сезилган. Россияликларнинг Бахмут ҳудудидаги ҳужумлари давом этмоқда - шаҳарга шарқ томондан тўғридан тўғри ҳужум қилинмоқда, шунингдек жанубдан айланиб ўтиш (Опитное ва Курдюмовка ҳудудларидан) орқали ва шимолдан (Соледар атрофидан) ҳужумлар амалга оширилмоқда.

Донецкнинг шимоли ва ғарбидаги Украина назоратида бўлган ҳудудлар - Авдеевка ва Маринка аҳоли яшаш манзиллари учун жанглар бошланган. Област марказидан жануби-ғарбдаги Новомихайловкага босим давом эттирилмоқда. Россия бўлинмалари Луҳанск областида ҳам - Сватово ва Креминна ҳудудларида қарши зарба беришга уринмоқда.

«Улар 30 кишидан иборат бўлган гуруҳлар билан келишда ва бизникиларни сиқиб чиқаришга уринишда давом этишмоқда. Қурбонлар кўплиги уларни ташвишлантирмайди. Бири йиқилса бошқасини қўйишади, келишади, келишади ва яна келишади, бизни барча томондан ўраб олишга интилишади. Зомбилар каби ёпирилишади, уларни ҳеч нарса тўхтата олмайди», дея ҳикоя қилади Бахмут атрофида жанг қилаётган украин ҳарбийларидан бири.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ҳам Бахмут атрофида «қонли жанглар кетаётгани» ҳақида айтган: «Рақиб шундан даражада қаршилик кўрсатмоқдаки, бунақаси сўнгги юз йилликда ҳали кузатилмаган».

Pravda.Ru портали мухбирининг Бахмут атрофидаги Опитное посёлкаси эгаллангани ҳақида тарқалган хабарлар (Россия нашрлари бу ҳақда бир неча бор хабар тарқатган) қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ҳақидаги саволига жавобан Пригожин шундай жавоб қайтарган: «Сакрамай сакрадим дейишга шошилма. «Вагнер» штурмчи отрядларида шундай қоида бор - бирор аҳоли яшаш манзили эгалланганида, бу ҳақда икки кун ҳеч кимга айтилмайди. Рақибнинг барча қарши ҳужумларига бардош беринг ва шундай кейин хабар қилиб, Россия байроғини кўтаринг».